Get Mystery Box with random crypto!

Соғлиқни сақлаш масъулларининг Хитойга ташрифи доирасида қанда | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

Соғлиқни сақлаш масъулларининг Хитойга ташрифи доирасида қандай келишувларга эришилди?

Аввал хабар берганимиздек, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ф. Ташпулатов бошчилигидаги соҳа масъулларидан иборат делегация хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасида бўлди.

Ташриф давомида вакилларимиз 25 январь куни Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Хитой қўшма инвестиция форумида иштирок этди.

Тадбир доирасида делегация аъзолари Хитойнинг етакчи компания ва ташкилотлари вакиллари билан G2B форматида бир қанча учрашувлар ўтказди.

Юртимизда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий асбоб-ускуналарни модернизация қилиш, тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича инвестиция, давлат-хусусий шериклик ва грант лойиҳалари музокаралар диққат марказида бўлди.

Хусусан, “Henan Costar Group Co. Ltd.” компанияси раҳбарияти билан мулоқот якунида мамлакатимиз тез тиббий ёрдам хизмати учун замонавий автомобилларни етказиб бериш ҳамда махсус автомобилларни модификация қилиш бўйича завод фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қиймати 150 миллион АҚШ доллари бўлган келишув имзоланди.

“China CAMC Engineering Co., Ltd.” компанияси билан имзоланган ўзаро англашув меморандумига асосан эса ҳудудларда оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари қурилади.

Яна бир муҳим грант келишуви Хитойнинг диагностика соҳасидаги етакчиларидан бўлган “Snibe Diagnostic” компанияси билан имзоланди.

Унга кўра, мазкур компаниянинг анализаторлари ҳамда сарфлов материалларининг юртимизда ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Шунингдек, келишувга мувофиқ “Snibe Diagnostic” қиймати 5 миллион АҚШ доллари бўлган 50 дона замонавий диагностика-лаборатория ускуналарини грант асосида мамлакатимизга тақдим этади ҳамда яна 5 миллион АҚШ доллари ҳисобига сервис-марказлар ва ўқув дастурларини йўлга қўяди.

Эътиборлиси, келишувларнинг биринчи босқичи беғараз грантлар асосида тиббий жиҳозлар ёки бошқа турдаги маҳсулот ва хизматлар билан амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi | Facebook | Instagram