Get Mystery Box with random crypto!

Болалардаги асабийлик ва бош айланиши камқонлик аломатими? К | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

Болалардаги асабийлик ва бош айланиши камқонлик аломатими?

Камқонлик — дунё миқёсида мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар орасида энг кўп учрайдиган хасталиклардан бири. Юртимизда бу касаллик кичик ёшдаги ўғил-қизлар орасида ҳам учрайди.

Хўш, бунинг сабаблари нимада?

— Кундалик истеъмол маҳсулотларида керакли витамин ва озуқаларнинг етишмаслиги, экологиянинг ёмонлашуви кўплаб хасталиклар қатори камқонликни ҳам келтириб чиқаради, — дейди тиббиёт фанлари доктори Азиза Маҳмудова.

— Янги туғилган чақалоқларда анемия ҳомиладорлик давридаги муаммолар — қон кетиш, ҳомиланинг тушиш хавфи, онадаги юқумли касалликлар туфайли юзага келади. Қолаверса, эрта туғилган болаларда ҳам бу хасталик кўп кузатилади.

Ушбу дард билан оғриган болалар юқумли касалликларга тез чалинади. Оқибатда уларда камҳаракатлик, чарчоқ, уйқучанлик, иштаҳасизлик ҳамда вазн етишмаслиги кузатилади. Тери оқариб, тирноқлар ва сочлар мўртлашади.

Тил яллиғланиб, оғиз атрофида юзаки яралар пайдо бўлади. Асаб тизими фаолияти бузилади, тез-тез бош айланиши, оғриши, қулоқларда шовқин кузатилади. 1 ёшгача бўлган ва оғир камқонликка чалинган гўдаклар ривожланишда анча ортда қолади.

Бундан ташқари, асабийлик, бўр ёки кесак ейиш ҳам камқонликнинг асосий белгиларидир. Оғир ҳолатларда эса ҳушдан кетиш, тахикардия, нафас қисиши кузатилиши мумкин.

⚕️ Касалликка ташхис қўйишда, аввало, педиатр-шифокор кўригидан ўтиш лозим. Қолаверса, анемияни аниқлаш учун гастроэнтеролог, нефролог, аллерголог, гематолог ва бошқа тор доирадаги мутахассислар текшируви ҳам талаб этилиши мумкин.

Шунингдек, камқонликни даволаш учун, аввало, ёш болалар, мактаб ёшидаги ўғил-қизлар таомномаси ва кунлик тартибини қайта кўриб чиқиш керак. Бемор бола кўпроқ тоза ҳавода сайр қилиши, ўртача жисмоний фаолият билан шуғулланиши, бир вақтда ухлаб, бир вақтда уйғониши тавсия этилади.

Анемияга чалинган болалар рационида темирга бой маҳсулотлар – қизил гўшт, ловия, нўхат, қорабуғдой унидан тайёрланган нон, қўзиқорин, қуритилган мевалар ва кўкатлар бўлиши керак.

С ва B12 витаминларига бой маҳсулотлар (булғор қалампири, брокколи, цитрус мевалар, балиқ, яшил баргли сабзавотлар) ҳам касалликнинг олдини олишда жуда муҳим. Боиси бу витаминларсиз темир қонга сўрилмайди.

Агар болада жиддий камқонлик кузатилса, шифокор томонидан зарур дори-дармонлар тайинланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram