Get Mystery Box with random crypto!

ССВ: 2023 йил “Тез ёрдам”га энг кўп ёлғон чақириқ қайси ҳудудд | Соғлиқни сақлаш вазирлиги | Вакцина – ягона чора!

ССВ: 2023 йил “Тез ёрдам”га энг кўп ёлғон чақириқ қайси ҳудуддан келиб тушди?

Тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига салбий таъсир этувчи омиллар кўп. Айниқса, ёлғон чақириқлар сабабли аксарият ҳолларда тиббиёт бригадалари чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бора олмайди.

Оқибатда шифокорлар ҳақиқий ёрдамга муҳтож беморлар қолиб, ёлғон қўнғироқ эгаси ва унинг манзилини аниқлаштириш билан овора бўлади. Бу эса оғир беморлар ҳаётини хавф остига қўйиши аниқ.

— Рақамларни таҳлил қилсак, ўтган 2023 йилда “103” хизматига жами 3505 та ёлғон чақириқ келиб тушди, — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров. — Қувонарлиси, мазкур кўрсаткични 2022 йил билан таққосласак, асоссиз мурожаатлар сони сезиларли даражада камайганини кўриш мумкин.

Аммо шунга қарамай, айрим ҳудудларда ёлғон мурожаатлар сони ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2023 йилнинг ўтган ўн икки ойи давомида энг кўп бундай чақириқ Тошкент вилоятида қайд этилиб, бу рақам 630 тани ташкил этди. Кейинги ўринда 518 та чақириқ билан Фарғона вилояти жойлашди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятидан 502 та ана шундай мурожаат келиб тушган.

Энг кам ёлғон чақириқ эса Самарқанд вилоятида рўйхатга олинди — 19 та!

Маълумот ўрнида айтиш керак, 2022 йилда Республика тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган 5 минг 446 та мурожаат ёлғон чақириқ деб баҳоланган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram