Get Mystery Box with random crypto!

Ихлос сураси фазилати. Жаброил алайҳиссалом Табукда тушиб: « | Solixon domla muxlislari

Ихлос сураси фазилати.

Жаброил алайҳиссалом Табукда тушиб:
«Эй Расулуллоҳ, Муовия ал-Музаний Мадинада вафот этди. Унга намоз ўқишингиз учун ерни букиб берайми?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом икки қаноти билан ерга ва тоғ чўққиларига урган эдилар, ер итоат қилди ва унинг тобути кўрсатилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга намоз ўқидилар. Ортларида фаришталар икки саф бўлиб, ҳар бир сафда етмиш минг фаришта бор эди. Ўқиб бўлиб, «Таржиъни (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) айтдилар.

Сўнг: «Бу даражага нима сабабли эришди?» деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом:
قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ
«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни яхши кўргани ва уни келганда ҳам, кетганда ҳам, турганда ҳам, ўтирганда ҳам ва ҳар бир ҳолатда ҳам ўқигани учун», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким уч нарсани иймон билан адо этса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради ва хоҳлаган ҳурга уйланади:

ким қотилни афв қилса,

махфий равишда бировнинг қарзини тўласа;

ҳар фарз намозидан сўнг
قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ
«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн марта ўқиса», дедилар.

Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Биттасини қилса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрадилар. У зот: «Биттасини қилса ҳам», дедилар»

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, камбағаллиги ва ночорлигидан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қачон манзилингга кирсанг, одам бўлса-бўлмаса, салом бергин, сўнг менга салом йўллагин ва
قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ
«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни бир марта ўқигин», дедилар. Ҳалиги киши шундай қилди. Натижада Аллоҳ таоло унга шу даражада ризқ бердики, ҳатто қўшниларию қариндошларига ҳам мўл-кўл ёғдирди»

«Ким قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ҳар куни эллик марта ўқиса, қиёмат куни: «Тур, эй Аллоҳни мақтовчи! Жаннатга кир!» дейилади»

«Ким вафот билан ниҳоя топадиган касаллигида قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқиса, қабрида фитналанмайди, қабр сиқишидан омонда бўлади ва фаришталар унинг қўлидан тутиб, сирот кўпригидан жаннатга олиб ўтадилар»

"АЙРИМ СУРАЛАР ФАЗИЛАТЛАРИ" китобидан.

@Solixon_domla_muxlislari