Get Mystery Box with random crypto!

Масжидул Ақсо биз учун нега қадрли? ✓Шом диёридаги Фаластин е | Sof Ibrat 🌙

Масжидул Ақсо биз учун нега қадрли?

✓Шом диёридаги Фаластин ерининг Қуддус шаҳрида жойлашган муқаддас макон — Масжиди Ақсо ёхуд Байтул Мақдис дейиш мумкин.

✓Маккадаги Масжидул Ҳаромдан кейин қурилган энг қадимги масжид.

✓Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан эътиборан намозларни аввало Масжидул Ақсо томонга юзланиб ўқидилар. Ўн уч йиллик Макка даври тўлиқ шундай ўтди. Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин ҳам мазкур масжид қиблаликда давом этди. Фақат ўн олти ой ўтибгина намозлар йўналиши Маккадаги Ҳарам томон ўзгарди. Эндиликда намозда Масжидул Ҳаром сари юзланадиган бўлдилар. Демак Ақсо— биринчи қибламиз.

✓Кўпчилик олимларнинг таъкидлашига кўра, уни отамиз Одам алайҳиссалом барпо этган.

✓Замонлар ўтиб эса Иброҳим алайҳиссалом уни қайта тиклаган.

✓Кейин Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли ва набираси — пайғамбарлар Исҳоқ ва Ёқуб алайҳиссаломлар унга масъул бўлдилар.

✓Сўнгра пайғамбар Сулаймон алайҳиссалом томонидан масжид янгидан қад ростлаб ҳозирги кўринишга келди.

✓Исро кечаси Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккадан Қуддусга — Ақсо масжидига сайр эттирди. Бу ҳақида Қуръонда айтдики: «Ўз бандасини тунда Масжиди Ҳаромдан атрофини баракотли қилиб қўйганимиз Масжиди Ақсога оятларимизни унга кўрсатиш учун сайр эттирган Зот (ўзига нолойиқ сифатлардан) покдир». Исро сураси 1-оят.

✓Қиёмат арафасида келадиган Дажжол бу маконларга кира олмайди: Масжидул Ҳаром, Масжиди Набавий ва Масжиди Ақсо.

✓Дажжолни пайғамбар Исо алайҳиссалом ўлдиради ва бу ҳодиса, ҳадисларда айтилганига кўра, Ақсо масжиди яқинида рўй беради.

✓Зиёрат учун алоҳида сафар қилиб бориш мумкин бўлган масжидлар учта бўлиб, биттаси Ақсодир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Уловлар фақат учта масжид томонгагина жиҳозланади: Масжиди Ҳаром, менинг ушбу масжидим ва Масжиди Ақсо».

✓Масжиди Ақсода ўқилган битта намоз оддий ердаги намозларнинг 250 тасига тенглаштирилган.

✓Исро кечаси Пайғамбаримиз алайҳиссалом Маккадаги Масжиди Ҳаромдан чиқиб, фаришта Жаброил алайҳиссалом билан Қуддус шаҳрига бордилар. Масжиди Ақсода барча пайғамбарларга имомлик қилиб намоз ўқиб бердилар. Бу воқеа пайғамбар бўлганларидан ўн йил ўтиб, Ражаб ойининг 27 кечасида содир бўлди.

✓Мазкур масжид ҳақида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: “Байтул Мақдис бирам яхши жойда! Унда турган киши Аллоҳ йўлидаги мужоҳиддек гўё. Ҳали шундай замон келадики, «Байтул Мақдисдаги биттагина ғишт бўлсам қанийди» деб қолишади”.

✓Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари олдинги пайғамбарларнинг ҳам муқаддас масканларини туташтириб, бир-бирига боғлади.

Демак

Масжидул Ақсо Ислом динининг шиор маконларидан бири, икки қибланинг биринчиси, учта асосий масжидлар сирасидан, мусулмонларга тегишли муборак маскан. Унга нисбатан қилинган ҳар қандай тажовуз Исломга тажовуздир, дунё аҳолисининг асосий қисмини ташкил этувчи миллиардларча мусулмоннинг эътиқодини оёқости қилиш, қолаверса, одамгарчилик ҳаддидан оғишдир.
#АқсоБизники

Икром Шариф
ㅤㅤㅤㅤ
••┄┄┄❅┄┄┄•••
Ilmiy ma'rifiy blog:
@sof_ibrat
ㅤㅤㅤㅤ