Get Mystery Box with random crypto!

​​Уч кундан буён қарама-қарши фикрлар гирдобидамиз. Гап ўша ав | SHOXABDULAZIZOV

​​Уч кундан буён қарама-қарши фикрлар гирдобидамиз. Гап ўша автоҳалокат ҳақида боради...

Бир неча сонияда 8 та инсон ҳаётдан кўз юмди. Уларнинг учтаси ҳамкасбларимиз эди. Кўпчилик мажлисбоз раҳбарларни айбламоқда. Аксарият инсонлар эса, тақдирида ёзилганидан қоча олмаслигини, умри шу ергача эканини ёзмоқда.

Нима бўлганда ҳам 8 инсоннинг тақдири аянчли якун топди. Ортидан яқинлари қон йиғлаб қолди. Агар тизим мажлисга бунчалик муккасидан кетмаганида, дам олиш кунини ҳамма раҳбар ҳис қилганида бундай мудҳиш воқеа бўлмасмиди!

Айтишларича, ўша 2021 йил 6 ноябр куни ҳам вилоят филиалида йиғилиш бўлган (Албатта ушбу ҳолатни рад қилиб чиқишлари мумкин). Улар банк филиалига қарашли хизмат машинасида бўлишган. Жума кунига қадар банк ҳайдовчиси машинани миниб, шанба-якшанба кунлари бошқарувчи ўзи ҳайдаган. Бу ҳолатда ҳайдовчини айблаш ўринсиз. Чунки у раҳбар кўрсатмасини бажаришга мажбур!

Кеча, 2021 йил 7 ноябр куни марҳумларнинг жанозалари ўқилди. Энди улар орамизда йўқ.

2021 йил 6 ноябр куни Навоий вилоят Халқ банкида йиғилиш ўтказилган (Таҳминан 10:00 да бошланган йиғилиш 12:00 гача давом этган). Ушбу йиғилишдан чиқиб, марҳум бошқарувчи ўз филиалида соат 14:30 га йиғилиш чақиради. Ёзган хабаридан вилоятдаги йиғилишда қаттиқ дакки эшитганини сезиш қийин эмас (Ходимлардан изоҳ сўраган. Расмда Т.С - Темурмалик Собирович). Бу унинг охирги кўрсатмаси бўлган.

Вилоят филиалидаги йиғилишда асосий масала муаммоли кредитларни (NPL) ундирилиши бўлган. Вилоят филиалидаги йиғилишда Нурота филиалидан уч киши (Бошқарувчи, Бош ҳисобчи ва бўлим бошлиғи) иштирок этган. Хабар беришларича, Нурота филиалида дам олиш кунлари камдан-кам дам олинади.

Нариги машинадагилар ёниб кулга айланган. Энг ачинарлиси, 2 ёшли гўдак ҳам автоҳалокат қурбони бўлган.

Бу масала Меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш бошлангани хабар берилган.

Ушбу ҳолат барча йиғилишбоз раҳбарларни кўзини мошдек очган бўлса ажаб эмас. Ушбу воқеадан кейин мамлакатимизда йиғилишбозликка қарши таъсирчанроқ чоралар белгиланишини сўраб қоламиз.

️️ «Банкир кундалиги» каналига аъзо бўлинг