2023-01-18 16:01:48
Сиёсий популизм ресурси тугади, энди навбат иқтисодий популизмгами?
Янги дейилган даврнинг еттинчи йили оғир келди. Чунки олдинги даврнинг абсурд хатоларини бекор қилиш, ясама тақиқлардан воз кечиш, зарарли тўсиқларни олиб ташлаш деярли якунланиб бўлди. Яъни харажати йўқ, лекин олқишланувчи ҳаракатлар учун сиёсий популизмнинг имкониятлари сарф этиб тугатилди.
Миллий мафкурага айланган Протекционизм, монополиялар ва олигархияни қўллаб-қувватлаш-чи, дейишингиз мумкин. Ҳа, булар сақланиб қолган, ҳатто борган сари кучайиб бормоқда. Чунки режимнинг ўзи шулардан озиқланади. мустаҳкамланади, умри узаяди, демакки, ҳали бери воз кечилмайди.
Шу маънода иқтисодий популизмнинг айни даври келмоқда. Лекин сиёсий популизмдан фарқли равишда иқтисодий популизмнинг доим тўлови ва товони бор, унинг бир гуруҳга нафи тегса, бошқа катта бир гуруҳга ва умуман иқтисодиётга улкан зиёни етади.
Масалан, куз ойларида иссиқхоналарга газ бериш пиари роса авж олди. Албатта, иссиқхоналарга газ узатилиши, бошқа бир соҳани газ таъминотидан узишни талаб қилади. Ҳа, бир муддат, балки бир ҳафта бу ишдан роса очко йиғилди. Лекин хотираси қисқа бўлмаганлар биладики, бугун иссиқхоналардаям газ йўқ, оҳак цехларидаям, газ заправкаларидаям. Газ умуман йўқ.
Ёки шу кунларда пойтахтда аҳволни ўнглаш ва норозиликни сўндириш учун вилоятларга электр ва газни камайтириб туриш чақириқлари ҳам эшитилмоқда. Эмишки, пойтхатнинг шаънига тўғри келмасмуш, вилоятликлар совуққа кўниккан, кўп уйларда кўмир ёқса бўлармуш. Ҳа, бу тентаклик. Лекин шу тентаклик қанақадир жиддий қўлловга эга.
Текин нонушта, текин сув, арзон газ, арзон электр, бепул йўл ҳақи, текин мактаб формаси... Иқтисодий популизмнинг боши бор, охири йўқ.
Январь совуқ келгани туфайли кредит таътиллари бериш чақириқлари ҳам шу тоифадан. Ҳар ойда 10 трлн.сўмгача кредит мажбуриятлари сўндирилади. Бу дегани агар кредит таътиллари берилса, кредит ажратилишини кутаётганлар 10 трлн.сўм кредит олмайди дегани ёки камида кредит нархлари кескин ортади дегани. Янги кредитлаш камайгани ҳисобига товар ва хизматлар хариди, истеъмоли ва демакки, солиқларнинг тушуми ҳам камроқ бўлиши ҳақида-ку индамай қўя қолай.
Шунга шунчами, бу жиддий гапмаску, жиддий қараманг, деманг.
Муаммо шундаки, мафкураси йўқлар, қарор қабул қилувчилар орасида улар энди ҳар қачонгидан кўра кўпроқ, шу чақириқларни эшитишмоқда ва навбатдаги очколарни жамлаш учун амалий ҳаракатларга ҳам тайёо улар.
@the_bakiroo
18 views13:01