Get Mystery Box with random crypto!

Дам олиши ўрганилмаган ўзбегим Бугун Рамазон хайити муносабат | Suvtushar radiosidan gapiramiz

Дам олиши ўрганилмаган ўзбегим

Бугун Рамазон хайити муносабати билан берилган дам олиш кунларининг 3-куни. Менимча хамма борадиган жойларига бориб йўқлайдиган яқинларини йўқлаб бўлди. Келинг, энди ўзимиз учун дам олиш ҳақида гаплашсак. Бизда иш маҳсулдорлик юқори эмас, негаки дам олишни билмаймиз. Масалан, инсон бўш вақтини ишдан, таълимдан кейинги ва дам олиш кунларидаги вақтларга ажратсак, оддий ўзбек хафта давомида ишдан ташқари қиладиган ишларини (йўқловлар, бозорлик қилиш, уй ишлари) халқ тилида "бозор куни"га қолдиради. Бу "дам олиш миграцияси" дейилади.

Дам олиш жараёни жамият учун жиддий аҳамиятга эга эканлигини XIX-XX асрларда олимлар пайқашган ва илмий ишлар бошланган. Шундай эмпирик тадқиқотлар 8 соатлик иш куни ва 40 соатдан иборат 5 кунлик иш хафтасига ўтиш кераклигини кўрсатган.

Ҳар қандай бефарқ бўлмаган илмий давралар бўш вақтни аҳоли қандай ўтказяпти, қаерда хатоликлар бор, нимага эътибор қаратиши керак каби масалаларни ўртага ташлайди. Масалан, Франция, Британия, АҚШ тадқиқотчи олимлари дам олиш бўйича чуқур изланишлар қилишган. Маркснинг "Капитал"идан тортиб Паркернинг "Дам олиш социологияси" асарларигача эътибор берилса, дам олиш вақти жиддий ўрганилган.

Дам олишни олимлар ҳар хил категориялашган. Оддий мисол, жамоавий ва якка дам олиш кўринишлари. Масалан, ХХ аср бошида АҚШда ортиқча дабдаба кучайиб кетган. Ҳамма таниган танимаган одаминикига зиёфатга бориб ёки ўзи уюштириб шу билан топган даромадини, вақтини сарфлайверган ("Буюк Гетсби" асаридаги зиёфатлар яққол мисол). Бу биздаги ўзбек тўйларга тўғри келади. Булар жамоавий вақт ўтказишлардир. Кейинчалик, одамлар якка дам олишларга шўнғиб кетишган. Асосий вақтни телевизор олдида ўтказадиган бўлишган (ҳозир эса бу гаджетлар билан). Олдин кун давомида ўртача ҳисобда 1,5 соат телевизор кўрилган бўлса, ҳозир ишдан сўнг асосий вақтимизни телефонга сарфлаяпмиз. Якка вақт ўтказишга ибодат, спортни ҳам қўшиш мумкин.

Дам олишлар кунлик ишдан кейинги, хафта сўнггидаги ва йиллик таътиллардаги дам олишларга ҳам бўлинади. Бизда бундай тадқиқотларга афсуски кўзим тушмади. Ваҳоланки, ривожланган давлатларда турли шахслар доирасида тадқиқотлар мавжуд. Касбга қараб: ўқитувчилар, ишчилар, талабалар, банкирлар, юристлар, ҳарбийлар. Ёшга, жинсга қараб. Оилали ёки бўйдоқ, фарзандли ёки фарзанди йўқ оилаларга қараб турли синфларда бўш вақт ўтказиш ўрганилади.

Дам олишда ҳам сифат бўлиши керак. Аристотел "Сиёсат" асарида юноннинг варвардан фарқи унинг дам олишга сарфлаган вақтида эканини ёзган. Дам олиш ҳам руҳан, ҳам жисмонан қайта тикланишдир. Буни "рекреация" ҳам дейишади. Энг фойдали дам олиш оилавий бирга сайрлар, таомланишлар ва албатта кўпроқ суҳбатлашишлардир. Бизнинг анъанавий дастурхон атрофида катталар ва кичиклар ўртасидаги суҳбатларда масофа мавжуд. Бу бирга кам вақт ўтказишдан далолат. Камроқ бир-бирига "очилиш"дан келиб чиқади.

Сифатли дам олишга кўпроқ эътиборли бўлинг. Олимлардан эса тадқиқотлар кутиб қоламиз. Бизнинг миллат дам олиши эмпирик тадқиқотлар кўрмаган миллатдир.

@bahodirahmedoff