Get Mystery Box with random crypto!

АГАР АЛЛОҲГА БОШҚА ЭҲТИЁЖИНГИЗ БЎЛМАСА Маҳмуд Ғазнавий Исломн | Suvtushar radiosidan gapiramiz

АГАР АЛЛОҲГА БОШҚА ЭҲТИЁЖИНГИЗ БЎЛМАСА

Маҳмуд Ғазнавий Исломни ёйиш учун Ҳиндистонга 18 марта сафар қилган. Шу сафарларнинг бирида қўшин шиддатли қаршиликка дуч келди. Бу оғир ҳолдан қутулиш учун султон Аллоҳга шундай ниёз этди: “Эй роббим, сен ёрдам берувчисан, бизларга ёрдам бер. Агар ушбу жангда ғолиб чиқсам, қўлга киритган ўлжамнинг ҳаммасини фақирларга тарқатаман“.

Маҳмуд Ғазнавий бу жангда ғалаба қозониб, қўлга киритилган хазиналарни ғариб-мискинларга тарқата бошлабди. Лекин, султоннинг ёнидаги вазирлар бу ҳолдан хурсанд бўлмай, султонга:

— Султоним, нималар қиляпсиз? Шунча бойликни фақир-фуқарога тарқатиладими? Улар бунинг қийматини билармиди? Давлатнинг эса бу хазиналарга эҳтиёжи бор, — деб фикр билдирибдилар.

Султон Маҳмуд бу сўзларни тинглагач, иккиланиб қолиб, замона олимига бу ҳолни англатибди. Олим Маҳмуд Ғазнавийга бундай маслаҳат берибди:

— Султоним! Бу ерда иккиланадиган нарсанинг ўзи йўқ. Жуда оддий танлов олдида турибсиз. Агар Аллоҳга бошқа ишингиз тушмайдиган бўлса, марҳамат вазирларингиз айтганини қилиб, ўлжаларни хазинага жойланг. Агар Аллоҳга яна ишингиз тушадиган бўлса, сўзингиз устидан чиқиб, ўлжани фақирларга улашинг.

Ҳикмат: Қийинчилик дамларда берилган ваъдалар енгиллик дамларда унутилмаслиги лозим. Яна қийинчилик кунлар келмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

«Ибратли ҳикоялар» китобидан.
@abd_061