Get Mystery Box with random crypto!

Бобур Бобомурод Ботир Қодиров ** Бургут ўлжасига қумурсқалар | SHOHABBOS AXMEDOV

Бобур Бобомурод
Ботир Қодиров
**
Бургут ўлжасига қумурсқалар етолмас,
Арслон насибасин қашқир ёки ит олмас.
Одамзот бировга толе хатин битолмас,
Худо хор қилганни бандаси бор этолмас,
Худо ёр билганни бандаси хор этолмас.

Эй одам, сен учун биров кўрмас тушингни,
Аввало Худо деб, билиб қилгин ишингни.
Золим бўлиб қолма, йиғиб олгин ҳушингни,
Худо хор қилганни бандаси бор этолмас,
Худо ёр билганни бандаси хор этолмас.

Бу дунё охират учун пайкалинг бўлар,
Яхши ё ёмонинг - умр сайқалинг бўлар.
Пойингда ётган тош балки ҳайкалинг бўлар,
Худо хор қилганни бандаси бор этолмас,
Худо ёр билганни бандаси хор этолмас.

Ҳасадинг бор бўлса назардан қолдинг демак,
Қалбингга дўзахдан лаҳча чўғ солдинг демак.
Таваккулни билсанг Ҳақни тан олдинг демак,
Худо хор қилганни бандаси бор этолмас,
Худо ёр билганни бандаси хор этолмас.

Ой минг озиб-тўлиб Қуёш жойин тутолмас,
Юлдузлар товланиб Ой ўрнига ўтолмас.
Ҳар одам сувни ҳам ризқдан ортиқ ютолмас,
Худо хор қилганни бандаси бор этолмас,
Худо ёр билганни бандаси хор этолмас.