Get Mystery Box with random crypto!

(Бошланиши аввалги саҳифада) Муҳтарам Президентимиз таъбири | Шайхонтоҳур тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими

(Бошланиши аввалги саҳифада) Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир.

Мурожаатномада таъкидланганидек, халқимиз мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайишини, таълим ва тиббиёт сифати оширилишини истайди. Фарзандлар камолотини ўйлайди. Ушбу талаблар инобатга олинган ҳолда юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида ҳам инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш, сифатли таълим бериш каби устувор вазифа турибди. Айнан бу галги мурожаатномада ҳам мамлакатимизда таълим соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, ўқувчиларимизнинг касб-ҳунарга ўқитиш, барча керакли шароитларни яратиш масаласи алоҳида ўрин эгаллади.

Мурожаатномада таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалалари кўрсатиб ўтилди. Президентимиз ўз Мурожаатида “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!”, дея таъкидлаб ўтди. Биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланди. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Президент таъкидлаганидек, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз, ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур. Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади.

Дарҳақиқат, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бағишлаб, барчамизга эзгуликдан сабоқ берган, отадек мўътабар, онадек меҳрибон, азиз устозларнинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган машаққатли ҳамда шарафли меҳнати учун ҳар қанча таҳсин ва ташаккурлар айтсак арзийди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 317 та умумтаълим мактаблари, 17 та махсус мактаб-интернатлар, 12 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ва иккита Меҳрибонлик уйи фаолият кўрсатмоқда. Уларда йигирма беш минг нафарга яқин педагог-ўқитувчи ходимлар Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни Она-юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш йўлида фидокорона хизмат қилиб келмоқда. Педагогларимизнинг 1715 нафари олий тоифага эга. Бу мақомга эга бўлиш учун интилаётганлар сони эса йилдан йилга ортиб бормоқда.

Ҳозир замонавий мактабнинг вазифаси ҳар бир ўқувчининг иқтидорини кашф этиш, ҳар томонлама тартибли, билимли ёшларни тарбиялаб, вояга етказишдан иборат. Энди педагогнинг бурчи 45 дақиқа давомида 20-30 нафар ўқувчига бир мавзуни тушунтириш билан чекланмайди. Уларнинг келажакда ҳаётдан ўз ўрнини топишигача бўлган жараёнга ота-оналар билан бирдай масъулмиз. Ўқувчилар ҳар куни эрталаб мактабга келишади. Уларнинг асосий вақти мактабда – ўқитувчилар бағрида ўтади. Биз шунчаки, иш куни ҳисоблаган вақт болаларнинг шахс сифатида шаклланишида жуда муҳим эканини чуқур англашимиз керак.

Яна бир жиҳат. Замон кун эмас, соат сайин тезлашиб, мураккаблашиб бормоқда. Кечаги билим бугун ва эрта учун етарли бўлмаяпти. Демоқчимизки, педагог ўз устида ишлашдан бир лаҳза ҳам тўхташга ҳақи йўқ. Ўқувчиларимизни ҳам фундаментал билимлар билан биргаликда хорижий тиллар, ахборот технологиялари каби илм билан қуроллантиришимиз зарур.