Get Mystery Box with random crypto!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли аёлларига мунос | SHAYX HAZRATLARI

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли аёлларига муносабатлари

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бутун дунё (инсонга) берилган неъматдир ва дунё матоҳларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир», дея марҳамат қилдилар».

Гўзал ахлоқ ва хушмуомала соҳиби бўлмиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) баъзан мўъминлар онаси Ойшани (розияллоҳу анҳо) эркалаб, исмларини қисқартириб зикр қилар эдилар. Қуйидаги ҳадиси шарифда: «Эй Оиш», дея чақириб, у кишига
севинчли хабар берганлари ривоят қилинади. Ойша(розияллоҳу анҳо) дедилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кунларнинг бирида: «Эй Оиш, Жаброил сизга салом айтяпти!» дедилар»
(Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

«Ойша (розияллоҳу анҳо) дедилар: «Мен ҳайз кўрган кунларимда (бирон нарсани) ичиб, (косани) Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) узатар эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) лабларимни қўйган жойга лабларини қўйиб ичар эдилар. Суякдаги гўштдан тишлар эдим, кейин Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суякни олардилар ва лабларимни қўйган жойга лабларини қўйиб, ер эдилар» (Имом Муслим ривояти)

Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) завжаларидан бирини ўпдилар, сўнгра намозга чиқдилар. Таҳорат қилмадилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аёллари қалбига севинч киритиш ва унга бахтиёрликни ҳис эттириш учун ҳар бир мубоҳ фурсатни ғанимат билар эдилар! Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан мусобақалашдим. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг, сал тўлишганимда, яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва: «Аввалгиси билан биру бир» , дедилар» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Ҳиббон)

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Хайбар жангидан қайтар эканлар, Сафийя бинт Ҳуяйга уйландилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) онамиз Сафийя (розияллоҳу анҳо) минадиган туя атрофини мато айлантириб ўраб, онамизни тўсардилар. Сўнгра бир тиззаларига чўкка тушардилар, Сафийя онамиз ул зотнинг тиззаларига оёқларини қўйиб, туяга минардилар» (Имом Бухорий ривояти).

Бу Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) камтарликларига далолат қиладиган ажойиб бир ҳолатдир. У зот музаффар саркарда ва Пайғамбар бўлганлари ҳолда, ниҳоятда камтарликлари сабабли аёллари учун тиззаларини ерга қўйиб, ёрдам бердилар, унга нисбатан ҳурматларини, муҳаббатларини изҳор қилдилар. Бу билан аҳли аёли учун қилинган яхшилик, ҳурмат, эътибор кишининг обрўсига заррача путур етказмаслигини бутун умматларига намойиш этдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматларига қилган васиятлардан бири қуйидаги ҳадиси шарифда зикр этилади. Амр ибн Аҳваздан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: «Огоҳ бўлинглар, аёлларга доимо яхши муносабат кўрсатинглар!» (Имом Термизий ривояти).

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий
«Ибратли хонадон» китобидан.