Get Mystery Box with random crypto!

Иймон ва нафс! Болалари оч қолган бир фақир тул хотин бадавл | SHAYX HAZRATLARI

Иймон ва нафс!

Болалари оч қолган бир фақир тул хотин бадавлат қўшнисидан ёрдам сўраб келди.

Нафсининг қули бўлган қўшни, чиройли бу аёлдан номусини истади. Аёл номусли, ҳаёли, Аллоҳдан қўрқувчи аёл бўлгани учун бу шартга кўнмай чиқиб кетди. Уйига келса, болалари:

"Она, очликдан ўлар бўлдик, егани озгина бўлса ҳам овқат йўқми?" деб фарёд кўтаришди.

Болаларининг нолаларига чидай олмаган она яна бойникига борди. Бой ўз таклифини яна такрорлади. Ноилож қолган аёл бойнинг шартига кўнди. Хилват бир жойга киришди. Бой қўшни аёлга яқинлашган заҳоти аёл Парвардигордан қўрққанидан бутун вужуди қалтираб, дағ-дағ титрай бошлади. Бой шунда:

- Нега титраяпсан, қўрқма, бу ерда икковимиздан бошқа ҳеч ким йўқ, - деб уни тинчлантирмоқчи бўлди.

- Ҳеч ким йўқлигини биламан, аммо Аллоҳ бор-ку, инсонман деган ҳар бир одам ҳамиша Ундан қўрқиши керак, - деди аёл.

- Эй хоним, Худо сени шунчалик камбағал, ночор қилиб қўйган бўлса-да, сен Унга осийлик қилмай, қўрқяпсан. Менга эса шунча бойлик бериб қўйган бўлса ҳам ношукрлик қилиб, Ундан нега қўрқмайман, - деди ва ўзининг ёмон ниятидан қайтди.

Аёл сўраган нарсаларни бериб, ўзи ҳам мамнун ҳолда уни уйига кузатиб қўйди.

"Кўҳна дунё ва ривоятлар" китобидан

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

Бошқаларга #УЛАШИНГ