Get Mystery Box with random crypto!

​​Қадрсиз кадрлар... Энг ёмон ходим ишдан ҳайдалишдан қўрқади | Personal Blog

​​Қадрсиз кадрлар...

Энг ёмон ходим ишдан ҳайдалишдан қўрқадиган ходим!
Чунки бунақа ходим ишдан кетиб қолмаслик учун ҳар қанақа иш қилишга тайёр бўлади. Уни истаганча хўрлаш ва таҳқирлаш мумкин. Сизнингча, нимага бизда кадрларни ҳақоратлаш, ярим кечгача ишхонада ушлаб туриш одатий ҳолга айланган? Бунақа шароитда ишлаш учун ходим ё жойини йўқотишдан қўрқади, ёки ноқонуний манфаатлари бор. Иккала ҳолат ҳам яхшиликка эмас, ҳар ҳолда!

Бизда кадрлар шундай қадрсизки, жонини бериб йигирма йил ишлаган одамларни битта хатосини деб думини тугиб юбориш ҳеч гапмас. Бизда ота-оналар фарзанди давлат ишида ё бойлик, ё "дешевый авторитет" учун ишлашини хоҳлашади. Фақат кам сонли одамларгина ҳалол касбни мақсад қилишади. Отаси "ўғлим фалон жойда ишлайди" деб керилиб юради, ўғли эса амалда чой дамлашдан нарига ўтолмайди. Кўп ҳолларда фарзанд мана шундай шарафсиз ишдан кечмоқчи бўлганида ота-она тиш-тирноғи билан қарши бўлади ва фарзандини хор қилади. Шунчаки сохта обрў учун фарзандини қурбон қилади.

Бизда нимага раҳбарларнинг гапи қонундан ҳам устун туради? Эътибор беринг, бирорта қонун ёки фармон имзоланса, ходимлар ички идоравий ҳужжат чиқмаганча ҳаракат қилишмайди, юқорининг буйруғини кутади.

Мен давлат ишидагиларни камситмоқчи ёки ишламасликка даъват қилмоқчи ҳам эмасман. Шунчаки, ота-оналар фарзандига ҳунар, бизнес қилишни ҳам ўргатишсин. Токи, тирикчилигим давлат ишисиз бўлмайди, деган қўрқув билан яшамасин. Сиз фарзандингизни шундай тарбияланки, у ҳар қачон ҳам бақбақалари осилиб кетган сўконғич ва муттаҳам раҳбарнинг башарасига қараб, ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини улоқтиришдан ҳайиқмасин!

Фарзандингизни қадрсиз кадр қилманг!

@adolat_kuychisi