Get Mystery Box with random crypto!

​​Ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий | Shahrisabz shahar 1- IDUMI

​​Ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиладиган бўлди

Янги ўқув йили 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб ота-оналар ягона формани харид қилишига мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди.

Бу ҳақда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов АОКАда 2022-2023 ўқув йилида ягона мактаб формаси жорий этилиши юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилди.

"Барчамизга маълумки, инсон қадрини улуғлаш, очиқлик тамойили Янги Ўзбекистоннинг бош мақсади ҳисобланади. Шу боис ҳурматли ота-оналаримизнинг ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида қуйидагиларни маълум қиламиз.

Биринчидан, мослашув жараёни учун маълум вақт кераклигини инобатга олиб, ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилади.

Яъни, янги ўқув йили 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб ота-оналар ягона формани харид қилишига мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди.

Иккинчидан,
миллий қадриятларимиздан келиб чиқиб,
ўқувчи-қизларимизнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари маън этилмайди.

Учинчидан, ўқувчи-қизларнинг либослари, яъни юбка
ва кофта енгларининг узунлиги борасида ҳам айрим тушунмовчиликлар бўлмоқда. Таъкидлаш жоиз, тасдиқланган ўлчамларда энг минимал узунлик белгиланган. Яъни ўқувчи-қизларнинг юбка ва кофта енгларининг узунлигини узайтиришга рухсат берилади, аммо белгиланган ўлчамдан калта бўлиши мумкин эмас.

Тўртинчидан, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кам таъминланган оилаларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан мактаб формасини сотиб олинишига кўмак берилади.

Шунингдек, ота-оналаримизга алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим, мактаб формасини айнан бирор тадбиркордан/корхонадан харид қилиш бўйича мактаб маъмурияти томонидан мажбур этилмайди ва бундай ҳолатга йўл қўйилмайди." - дейилади Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг берган расмий баёнотида.

Xalq ta'limi Info