Get Mystery Box with random crypto!

​​#Огоҳ_бўлинг #Нодавлат_ташкилотлар Лицензияга эга бўлмага | Shavkat Xo‘jaqulov

​​#Огоҳ_бўлинг
#Нодавлат_ташкилотлар

Лицензияга эга бўлмаган олий таълим ташкилотларидан огоҳ бўлинг!

Сўнгги пайтларда Таълим инспекцияси телеграм ботига (@uztdi) айрим фуқаролар Янгийўл шаҳридаги “MUMTOZBEGIM-SHOXSAROY PEDAGOGIKA UNIVERSITETI” томонидан берилган дипломлар Ўзбекистонда олий таълим муассасаси дипломи сифатида тан олинадими?” деб мурожаат қилмоқда.

Шунингдек, тегишли вазирликлар томонидан ушбу муассаса нодавлат олий таълим ташкилоти сифатида реклама қилинаётгани бўйича эътирозлар билдирилган.

Мазкур ташкилотнинг нодавлат олий таълим хизматлари фаолиятини бошлаш мақсадида Махсус электрон тизим орқали Таълим инспекциясига мурожаат қилган.

Бироқ талабгор томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан белгиланган айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низоми талабларига жавоб бермагани сабабли ушбу ариза рад этилган.

Ушбу ташкилот бугунги кунда нодавлат мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлиб, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан “Mumtozbegim Shoxsaroyi” НТМ билан тузилган давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги битимга мувофиқ, нодавлат ОТМ ташкил этилиши режалаштирилаётган бинода мактабгача таълимдан бошқа турдаги таълим хизматларини кўрсатилиши тақиқланиши маълум қилинган.

Мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиш ва қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш учун Таълим инспекцияси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат юборилганлигини маълум қиламиз.

Таъкидлаш лозим, қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, Таълим инспекциясидан олий таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмаган нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан берилган дипломлар тан олинмайди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига асосан, нодавлат таълим ташкилотлари лицензия олинган кундан эътиборан таълим фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир.

Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда нодавлат таълим ташкилотлари сони бир неча баробарга ошиб, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида, шунингдек, нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида ўзаро соғлом рақобат муҳити шаклланмоқда.

Мазкур жараёнларда Таълим инспекцияси томонидан нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тизимини соддалаштириш билан бирга, талабгорларнинг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган.

2018 – 2020 йиллар оралиғида лицензияга эга бўлган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони эса 13 тани ташкил этган бўлса, амалга оширилган ислоҳотларнинг натижасида 2021 йилда 21 та, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида (22.08.2022 ҳолатига) яна 13 та нодавлат олий таълим ташкилоти фаолияти лицензияланди.

Фуқароларимизнинг юқоридаги каби ҳолатларда алданиб қолишларининг олдини олиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси веб-сайтига нодавлат олий таълим ташкилотлари рўйхати жойлаштирилиб, бу ерга лицензия олган таълим ташкилотлари ҳақидаги маълумотлар мунтазам янгиланиб борилмоқда.

Шуни ёдда тутиш муҳимки, тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган таълим ташкилотлари томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар нафақат Ўзбекистон Республикасида балки бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинмайди.

Нодавлат олий таълим хизматларини кўрсатиш истагида бўлган тадбиркорлар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли лицензияни олганларидан кейингина фуқароларимиз ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширишлари мақсадга мувофиқ.

Таълим инспекцияси телеграм каналига уланиш

https://t.me/uztdi