Get Mystery Box with random crypto!

БИР ДОНА ПОЙАБЗАЛ Пойафзал сотувчи янги келтирган молларини | Sertifikat Tarix va Huquq

БИР ДОНА ПОЙАБЗАЛ

Пойафзал сотувчи янги келтирган молларини пештахтага жойлаштираётганди. Кўчадаги бир болакай уни кузатиб турарди. Сотувчи моллар орасидан бежиримларини ойна томонга қўяркан, болакай пештахтага яқинлашди.
Болакай қўлтиқтаёққа суяниб юрса-да, кўриниши тетик эди. Сотувчи унга кўз ташлади. Шимининг чап почаси тиззасидан шалвираб турарди. Бир оёғи йўқ экан. Болакай кўргазмада турган пойабзалларга бир муддат маҳлиё бўлиб қараб турдида, дўкондан узоқлашди. Сотувчи шошиб ташқарига бош чиқариб:
– Болакай! - дея чақирди.
– Пойабзал олишни мўлжаллаганмидинг? Сенга мос келадиган ажойиб оёқ кийимлар бор.
Болакай унга қайрилиб:
– Ҳақиқатдан ҳам пойабзаллар чиройли экан, - дея табассум қилди.
– Лекин менинг оёғим туғма чўлоқ.
– Менимча бу аҳамиятли эмас! - Сотувчи ташқарига отилиб чиқди.
– Бу дунёда ҳамма нарсаси тугал одамнинг ўзи йўқ. Кимнингдир қўли йўқ, кимнингдир оёғи. Яна кимнингдир ақли, бировнинг эса виждони бўлмайди...
Болакай жим тураверди. Сотувчи эса гапида давом этди:
– Кошки виждонимиз бўлмагунча, оёғимиз бўлмасайди.
Болакай ҳайрон қолди. Сотувчига яқинлашиб:
– Тушунмадим? - деди.
– Шундай, болажон! - деди сотувчи. – Виждонимиз бўлмаса инсон бўлолмаймиз. Оёқларимиз бўлмаса, инсон бўлишимиз мумкин. Зотан инсонни жисми эмас феъл-атвори тўкис кўрсатади. Виждонсизлар жаннатга киролмайдилар. Оёғи йўқлар учун эса жаннатда бу нуқсондан фориғ бўладилар. Ҳатто жисмидан нуқсони бор инсонлар соғлом инсонлардан кўра кўпроқ мукофотга муносиб бўлишлари мумкин.
Болакай яна бир бор табассум қилди. Шу бугунга қадар чеккан изтироблари аригандай бўлди. Сотувчи пештахтага ишора этиб:
– Ҳозир кўрганинг пойабзал сенга ярашади. Кийиб кўрасанми? - деди.
Болакай боши билан "йўқ" ишорасини берди:
– Устига ўттиз лира деб ёзилган экан. Уни ололмайман.
– Ҳозир мавсум тушган пайт, шунинг учун бироз арзонлаштираман. Йигирма лирага туширишим мумкин. Сен унинг бир пойини оласан. Демак, бир пой оёқ кийими учун ўн лира берсанг кифоя қилади.
Болакай бироз ўйланиб турди-да:
– Нариги пойи бирор ишга ярамайди. Ким олади уни?- деди.
– Оббо, роса гапни чўздинг, - дея кулди сотувчи.
– Уни ҳам ўнг оёғи бўлмаган бирор болага сотарман.
Болакайнинг кўнгли бироз тинчлангандай бўлди. Сотувчи ундан: – Мактабга борасанми? - дея сўради.
– Иккинчи синфни тамомладим. Учинчига ўтдим!
– Унда яна ҳам яхши, - деди сотувчи. - Ўқувчи бўлганинг учун беш лирага арзонлаштирамиз. Беш лира қолди. Демак, пойафзал сеники бўлди! Сотдим уни!
Сотувчи боланинг ҳайрат тўла боқишлари орасида дўконга кирди. Пештахтадан болакайга ёққан пойабзални олди. Болакайни ўриндиққа ўтирғизиб, янги оёқ кийимини кийдирди. Эски пойабзалини болакайга кўрсатиб:
– Мен маҳсулотимни сотдим, - деди. – Сен ҳам бу пойабзалингни менга сотсанг мамнун бўлардим.
– Ҳазиллашяпсизми? - қиқирлаб кулди болакай. - Унинг тагчарми ейилиб кетган, эски бир пойабзал бўлса. Шу туришида пулга арзийдими у?!
– Сен қолоқ экансан-ку, кичик дўстим, - деб кулди сотувчи. - Антиквар диган нарсадан хабаринг йўқ эканда. Антиквар нарсалар қанча эски бўлса, шунча нархи ошади. Шунинг учун ҳам менимча оёқ кийиминг ўттиз-қирқ лира турса керак.
Болакай гўё туш кўраётганди. Сотувчининг ҳаяжондан титраётган қўлларидаги қоғоз пулларга кўз югуртирар экан, ўн лиралик банкнотни нари сурди:
– Менимча йигирма лира ҳам етарли. Ҳозир мавсум тушган пайт-ку!
Сотувчи унинг гапини рад этмай ўн лирани қайтиб олди ва болакайнинг ёноғидан ўпди. Қувончи ичига сиғмасди сотувчининг. Агар бутун дўкондаги молларини бир кунда сотиб юборса ҳам ҳозиргидек бахтиёр бўлолмасди. Болакай секин ўрнидан қўзғалди. Гўё қўлтиқ таёққа ҳам эҳтиёжи йўқ эди унинг. Маҳзун табассум билан шундай деди:
– Отам ҳақ эканлар! "Жисмингдаги нуқсон учун ҳеч қачон ўкинма!" - дердилар. Бугун биринчи марта нуқсонимдан ўкинмадим...


"Кўнгил олиш бандани Aллоҳга яқинлаштрадиган ибодатларнинг энг улуғидир”.

Имом Бутий.


Биз шундай кўнгил олишни унутиб қўйдик... Кечиринг, Расулим, биздек умматни...


@sertifikatlitarix