Get Mystery Box with random crypto!

Мен буқаламунманми? 'Буқаламун' деган жонзотни сиз жуда ҳам я | Tutorial

Мен буқаламунманми?

"Буқаламун" деган жонзотни сиз жуда ҳам яхши биласиз. Уни бошқа тилда "хамелеон" ҳам дейишади. Бу жонзотнинг ўзига хос томони табиий шароитга қараб ташқи рангини атроф муҳитга мослаб тез ўзгартира олишидир. Бу ҳайвон фитратан шундай яратилган, яъни Аллоҳ шундай хусусиятли қилиб яратган.

Лекин ер юзининг халифаси саналмиш бани Одам орасида ҳам ана шундай тез ўзгарувчан кишиларнинг борлиги баъзида ўйлантириб қўяди. Уларнинг баъзилари хозирги кунда "хамелеон" бўлмасанг ишингни битира олмайсан, ҳаётда қийинчиликларга йўлиқасан дея ўзларини оқлаб ҳам қўйишади.

Аслида бу ўзини ҳайвонга, нафси бор аммо ақли йўқ жонзотга тенглаштириш эмасми? Қўйинг буқаламунлик шу фитратда яратилганларга бўлсин.

Савол: сиз буқаламун эканлигингизни қандай биласиз?

1. Сиз бой ва камбағал қўшнингизга бир хил муносабатда бўласизми?
2. Мактабдаги устозингиз ва репетиторингизни бир ҳил даражада ҳурмат қиласизми (қилганмисиз)?
3. Кичик ошхонача ва катта ресторанлардаги ҳодимларга бир хил муносабатда бўласизми?
4. Давлат шифохоналари ва хусусий шифохоналардаги ҳакимларга бир хил муносабатда бўласизми?
5. Дўстларингиз билан суҳбатлашаётган мавзунгизда ота-онангиз билан ҳам суҳбатлаша оласизми?

Бу саволларни ҳали кўп давом эттиришим мумкин эди. Аммо, бизга бу хайвонга берилмаган ақл неъмати берилган экан, шуларнинг ўзидан англаб олиш мумкин деб ўйладим. Бу саволлар орқали нафақат ўзингиз балки атрофингиздагиларга бериб уларнинг ичидан буқаламунларни ажратиб олишингиз мумкин, агар ўз рангларида қолиб, рост жавоб беришса.

Тўғри, ҳар қандай инсон ҳам вазиятга қараб фикрини, қарашларини, йўлини ўзгартириб туради. Инсон учун бугун энг муҳим саналган бир воқеа эртага умуман аҳамиятсиз нарсага айланиб қолиши мумкин. Аммо бу ҳамма нарсада буқаламунлик қилиб, бошқаларга ўзингнинг иккиюзламачилигингни кўз-кўз қилавергин, дегани эмас!

27 сенятабр 2021

https://t.me/QodirMuhammad