2023-03-31 18:21:16
РАМАЗОН РЎЗАСИНИНГ СУННАТЛАРИ
Агар тутаётган рўзангизнинг савобини кўпайтиришни истангиз, Рўза ибодатингизга руҳ киритмоқчи бўлсангиз, унда рўзанинг суннатларига амал қилинг....
Улардан биринчиси – ҳатто бир ҳўплам сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Саҳарлик қилиш баракадир. Уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк этманг. Чунки Аллоҳ ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар”, деганлар
(Имом Аҳмад ривояти).
иккинчиси – ифторликни вақти кириши билан тезлаштириш.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (шом) намозини ўқимасдан аввал бир неча хўл хурмо билан, агар хурмо хўл бўлмаса, хурмо қоқиси билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
учинчиси – ифторликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини қилиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғзини очсалар:
“Заҳабаз зомау вабталатил урууқ ва сабатал ажру, иншааллоҳ”
“Чанқоқ кетди ва томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ ажр собит бўлди”, деб айтардилар
(Абу Довуд ривояти).
тўртинчиси – рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, деганлар
(Имом Термизий ривояти).
бешинчиси – Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш.
олтинчиси – Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилиш.
еттинчиси – дуо, садақа қилиш, яхшиликка чақириш, ёмонликлардан қайтариш, беморларни зиёрат қилиш, қавм-қариндошлар билан силаи раҳмни боғлаш.
Рамазон ғанимат ойидир. Бу ой иймонни кучайтириш, Жаннатни қўлга киритиш ҳамда дўзахдан омонда бўлиш учун имкониятдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рамазон кирса-ю, сўнгра ой чиққанда гуноҳи мағфират қилинмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин”, деганлар
(Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло бу ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазондан гуноҳлардан покланган ҳолда чиқимизга тавфиқ берсин!
@Sayyidina_Muhammad
2.7K viewsedited 15:21