Get Mystery Box with random crypto!

​РАМАЗОНДА ЭНГ КЎП СЎРАЛАДИГАН САВОЛЛАР ВА УЛАРГА ЖАВОБЛАР: | Rosululloh ﷺ Hayotlari🌙

РАМАЗОНДА ЭНГ КЎП СЎРАЛАДИГАН САВОЛЛАР ВА УЛАРГА ЖАВОБЛАР:

РЎЗАДОР ОДАМ ТИШ ПАСТАСИ БИЛАН ТИШИНИ ТОЗАЛАСА БЎЛАДИМИ?

Рўзадор ҳолатда тиш пастасини ишлатиш макруҳ. Лекин томоғидан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди. Бирор нарсани оғзига солиб, татиб кўриш макруҳ, лекин бунда рўза очилмайди (лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юборса рўза очилади).

УКОЛ (ИНЪЕКЦИЯ) ҚИЛИШ БИЛАН РЎЗА БУЗИЛАДИМИ?

Уламолар мушаклар орасига, ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган. Тери орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди.
Одатий йўллардан бошқа жойлар орқали терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (томирдан чақса ҳам), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилишган.

ТИШ ОЛДИРСА РЎЗА ОЧИЛАДИМИ?

Рўзанинг очилиш-очилмаслиги томоқдан бирор нарса ўтиш-ўтмаслигига боғлиқ. Тиш олдираётганда томоқдан бирор нарса ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.

ҒАРҒАРА ҚИЛИШ БИЛАН РЎЗА ОЧИЛАДИМИ?

Рўзадор кишининг ғарғара қилиши макруҳ. Ичкарига сув кетиб қолса, рўза очилади.

ЭСДАН ЧИҚАРИБ ЕБ-ИЧГАН ОДАМ ЭСИГА ТУШГАЧ ТАОМЛАНИБ ҚЎЙСА, РЎЗАСИ ОЧИЛАДИМИ?

1) эсдан чиқариб еб-ичиш билан рўза очилмайди.
2) Эсдан чиқариб еб-ичгандан кейин «Рўзам очилди» деб ўйлаб таомланиб қўйса, қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.
3) Эсдан чиқариб еб-ичиб қўйса рўза очилмаслигини билатуриб таом еб қўйса қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади. Қайт қилишнинг ҳукми ҳам шундай: қайт қилгач, «энди рўзам очилди» деб ўйлаб, таом еб юборса, қазо лозим бўлади, каффорат эмас. Лекин бу иш рўзани очмаслигини билатуриб таомланиб юборса, каффорат ҳам вожиб бўлади

РАМАЗОН ОЙИДА ЭР АЁЛИГА ҚАЙСИ ПАЙТЛАРДА ЯҚИНЛИК ҚИЛСА БЎЛАДИ ЁКИ РАМАЗОН ОЙИДА 30 КУН МОБАЙНИДА ЯҚИНЛИК ҚИЛМАЙДИМИ?

Рамазон кечаларида эркак ўз аёли билан хос муомалада бўлиши яъни яқинлик қилиши жоиз

ҚЎЛИ БИЛАН ШАҲВАТИНИ ҚОНДИРСА, РЎЗА ОЧИЛАДИМИ?

Бу иш ҳар ҳолатда ҳам гуноҳ ҳисобланади. Қўли билан шаҳватини қондирса, маънан яқинлик ҳолати топилиб, суратан топилмагани учун рўза очилади ва қазо лозим бўлиб, каффорат вожиб бўлмайди.

РЎЗАДОР КУНДУЗИ УХЛАБ, ТУШИДА ЭҲТИЛОМ БЎЛИБ ҚОЛСА, РЎЗАСИ ОЧИЛАДИМИ?

Тушида булғанса ёки қараш туфайли маний тўкилса, рўза очилмайди (қўли билан ушлаши натижасида ёки бирор нарсага ишқаланиш оқибатида маний тўкилса, қазо лозим бўлади).

РЎЗАДОР КИШИ ИСИРИҚ, БУҒ ВА ШУНГА ЎХШАШ НАРСАЛАРНИ ҲИДЛАСА РЎЗАСИ ОЧИЛАДИМИ?

Рўзадорлиги эсида туриб, қасддан тутун ютса, исириқ ҳидини ютса, доривор ўтларнинг буғини оғиз-бурни билан ичига ютса, рўзаси очилади.

СУРИЛАДИГАН ДОРИ (МАЗЬ) ВА ШУ КАБИ ВОСИТАЛАРНИ БАДАНГА СУРТСА РЎЗА ОЧИЛАДИМИ?

Рўза очилмайди. Терининг орасидан ёғ каби нарсаларнинг ичкарига кириши рўзани очмайди.

РЎЗАДОР ШЎР СУВДА ОҒЗИНИ ЧАЙСА БЎЛАДИМИ?

Сув чучук бўлсин, шўр бўлсин, рўзадор у билан таҳорат олса ҳам, оғзини чайса ҳам бўлади.

КАСАЛ ВА МУСОФИР РАМАЗОН ОЙИДА РЎЗА ТУТА ОЛМАСА-ДА, ЎЗИНИ ЕБ-ИЧИШДАН ТЎХТАТИБ ТУРИШИ КЕРАКМИ?

Рамазон кунларида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўзадорга ўхшаб ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туришлари лозим бўлмайди. Лекин таомланмоқчи бўлсалар ошкора эмас, балки одамлардан холироқ жойда таомланишлари афзал

РЎЗАДОР СУВ БИЛАН МУБОЛАҒАЛИ ТАРЗДА ИСТИНЖО ҚИЛСА, БАВОСИЛ (ГЕМОРРОЙ) КАСАЛИГА ДУЧОР БЎЛГАНЛАР ЎША ЖОЙЛАРИГА ДОРИ ҚЎЙИШСА, РЎЗА ОЧИЛАДИМИ?

Истинжода сув, бавосил касаллигида дорилар орқа аъзонинг ҳуқна (клизма) қилинадиган жойигача етиб борса, рўза очилади. Етиб бормай, ташқарида қолса, очилмайди. Агар истинжони муболаға тарзида қилсаю, клизма қилиш ўрнигача етиб борса, рўзаси очилади.

БИЛМАСДАН 2 МИНУТ ОЛДИН ОҒИЗ ОЧИБ ҚЎЙСА НИМА БЎЛАДИ?

2 минут зарар қилмайди. Валлоҳу аълам!

ТАБЛЕТКА РЎЗАНИ ОЧАДИМИ?

Таблетка рўзани очишлиги аниқ, томчи ва уколлар тери осига бўлиши рўзани очмайди.


ХОМИЛАДОР АЁЛЛАР РЎЗА ТУТМАСА БЎЛАДИМИ?

Тутиб кўради, агар зарар етиш эҳтимоли бўлса кечиктириб туради. Кейин қазосини тутиб беради. Валлоҳу аълам!

  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ва «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайати
@Sayyidina_Muhammad