Get Mystery Box with random crypto!

Закот Закот берувчи ва олувчининг одоблари Бисмиллаҳир Роҳман | 🔥Сара хабарлар🔥RASMIY KANALI

Закот
Закот берувчи ва олувчининг одоблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир ибн Атийкдан, у отасидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Келажакда ҳузурингизга ёмон кўрилган жамоатлар келадилар. Бас, қачонки улар сизга келсалар, уларни табрик ила кутиб олинглар. Улар билан талаб қилган нарсалари орасини очиб қўйинглар. Агар адолатли бўлсалар, ўзларига фойда. Агар зулм қилсалар, зарари ҳам ўзларига. Уларни рози қилинглар. Албатта, сизнинг закотингизнинг тугал бўлиши уларнинг ризосига боғлиқ. Улар сизнинг ҳақингизга дуо қилсинлар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.



Шарҳ: ҳадиси шарифдаги «ёмон кўрилган жамоатлар»дан мурод, закот йиққани келадиган закотчилардир.

Закотчиларнинг закот йиққани келишлари ҳаммага ҳам ёқавермайди. Лекин закот берувчи кишилар одобли бўлишлари керак. Закот олгани келган закотчининг муомаласини яхшилаш учун закот берувчи қуйидаги одобларга риоя қилиши керак:

1. Закотчини очиқ чеҳра билан, табрик сўзлари ила кутиб олиши лозим.

2. Закотчига закотни осонлик билан, тўғри ҳолда ҳисоб-китоб қилиб олишига шароит яратиб бериш керак.

3. Закотчини шариат кўрсатмаси бўйича рози қилишга ҳаракат қилиши керак.

4. Закотчи қайтиб кетаётиб, «ҳақиқий мусулмон экансан, қани энди бошқа закот берадиганлар ҳам сенга ўхшаган бўлса эди», деб дуо қиладиган муомала қилиш керак.

Шу билан бирга, ҳадисда закотчилар риоя қилиши лозим бўлган энг муҳим нарса – адолатли бўлиш ҳақида ҳам таъкидланган. Чунки адолат қилса, закотчининг ўзига фойда, зулм қилса, ўзига зарар!



Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аъробийлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб:
«Садақачилардан баъзи одамлар келиб бизга зулм қиладилар», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Садақачиларингизни рози қилингиз!» дедилар.
Жарир:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитганимдан бошлаб мендан садақачи фақат рози бўлиб қайтди», деди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Термизийнинг лафзида:

«Қачон олдингизга садақачи келса, фақат рози бўлиб қайтсин», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан садақачининг устидан шикоят қилиб борган одамларга раҳбар киши насиҳат қилиб туриши кераклиги маълум бўлади.

Закот берувчилар эса, ўзларининг қизғанчиқлик ёки бошқа номаъқул одатлари билан садақа йиққани келган кишиларни хафа қилишлари керак эмас. ҳамма Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга ўхшаб, садақачи рози бўлиб қайтишига ҳаракат қилгани маъқул.



Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, отаси бобоси розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Олиб келиш ҳам йўқ, четга чиқиш ҳам йўқ. Садақалари фақатгина ҳовлиларида олинади», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда закотчининг одоблари ҳақида сўз кетмоқда. У мол эгасини қийнаб, «молингни олдимга жам қилиб кел, шу ерда санаб закотини оламан», дейиши керак эмас. Шунингдек, ўзи четроқ жойга чиқиб олиб, шу ерга кел, деб мол эгасини чақирмаслиги керак. Аксинча, унинг моли қаерда бўлса, ўша ерга бориб, закотини олмоғи лозим.



Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Отам дарахт соҳибларидан эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон у зотга бирор қавм ўз садақасини олиб келса:
«Эй бор Худоё, Оли фалонга саловот юборгин», дер эдилар. Бас, отам у зотга садақасини олиб келди. У зот:
«Эй Аллоҳ, Оли Абу Авфога саловот юбор», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Унинг ва Абу Довуднинг ривоятида:

«Садақада тажовузкорлик қилувчи худди уни ман қилувчи кабидир», дейилган.

Шарҳ: Ровийнинг «отам дарахт соҳибларидан эди» дейиши улуғ бир мақомга ишорадир.