Get Mystery Box with random crypto!

​​​​ЯХШИМИСИЗ... Меҳр дилга ҳаловатми, Эй юраги нақши одам!? | Ўлмасбек Самарқандий🇺🇿

​​​​ЯХШИМИСИЗ...

Меҳр дилга ҳаловатми,
Эй юраги нақши одам!?
Тан-жонингиз саломатми,
Яхшимисиз, яхши одам!?

Аҳволимни сўрабсизми,
Қалбим нурга ўрабсизми,
Ўзингизчи, юрибсизми,
Яхшимисиз, яхши одам!?

Ҳар кўнгилда ҳидоят бор,
Ҳар дилда бир ҳикоят бор,
Соғликда не шикоят бор,
Яхшимисиз, яхши одам!?

Ёнингизда турай дейман,
Иқболингиз кўрай дейман,
Ҳолингизни сўрай дейман,
Яхшимисиз, яхши одам!?

Бухоро ё Кешданмисиз,
Фарғона ё Шошданмисиз,
Қошғарданми, Ўшданмисиз,
Яхшимисиз, яхши одам!?

Қуруқ сўздан нима навфлар,
Тил ёлғончи, алдар лаблар,
Кўнглингизда нима гаплар,
Яхшимисиз, яхши одам!?

Дардларимни ёрайми ё,
Дилга умид солайми ё,
Келасизми, борайми ё,
Яхшимисиз, яхши одам!?

Келинг, дийдор тўлсин сиздан,
Дил ёруғлик кўрсин сиздан,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан,
Яхшимисиз, яхши одам!?

Ўлмасбек Самарқандий.

t.me/Samarqandiy77