Get Mystery Box with random crypto!

АССАЛОМУ - АЛАЙКУМ! Бир дунё, икки қутб...ва айрича тарф, И | Ўлмасбек Самарқандий🇺🇿

АССАЛОМУ - АЛАЙКУМ!

Бир дунё, икки қутб...ва айрича тарф,
Икки менталитет - осмон-ерча фарқ.
"Хайрли тонг" билан кўзин очар, ғарб,
Асссалом тафтидан уйғонади шарқ.

Бири лутф айламиш, қўлидан ўпа,
Бириси қўл тутар, юзида зиё.
"Хайрли кун"ила қайнар Оврупа,
Яна Ассаломин айтар Осиё.

Балки малол ботар, ғарблик кишига,
Эҳтимол, туюлар бегона сўздек.
"Хайрли кеч" дея қўл силкишига,
Ассаломи ила жилмаяр Ўзбек.

Урфият ўзгармас...замонлар ошар,
Бир дунё, икки қутб... айрича одат.
"Хайрли тун тилаб, ётоққа шошар,
Ассаломи билан тилар саодат.

Уйғотгувчи дея, берилмиш таъриф,
Шарқ номли қудратли, буюк ўлкага.
Ҳали "хайрли тонг" айтмасидан ғарб,
Ассаломин айтар икки елкага.

Юз Ҳаждир - ғарибнинг бошин силамоқ,
Хушзабонлик - хушрўй итоат эрур.
Бир кунда беш маҳал умр тиламоқ -
Эҳтимол, бу ҳам бир ибодат эрур!

Ассалому алайкум!!!

Ўлмасбек Самарқандий.

t.me/Samarqandiy77