Get Mystery Box with random crypto!

ОҚДАРЁ Оқдарёнинг ёзи бўлак, Оқшомларин нози бўлак. Пастқиш | Ўлмасбек Самарқандий🇺🇿

ОҚДАРЁ

Оқдарёнинг ёзи бўлак,
Оқшомларин нози бўлак.
Пастқишлоқдан бўй сочгувчи,
Райҳонларин рози бўлак.

Ойтамғали тоқидан ой,
Бош кўтариб сочар чирой.
Чин эҳтиром рамзи эрур,
Учтепалик дўстимдан чой.

Узун қишлоқ йўли узун,
Даҳбед томон тушгай кўзим.
Холмерганлик тоғам менга,
Узиб берар бир бош узум.

Шамол эсар дарё бетдан,
Тепақўрғон деган юртдан.
Сабо келгай бир муанбар,
Кумушкентдан, Янгикентдан.

Ризқ солланар шохларида,
Айни оқшом чоғларида.
Зардолилар зарга кирур,
Тўртайғирнинг боғларида.

Бир шодланиб ўйнар юрак,
Қарқарали қувнар юрак.
Зиндонтепа зиндонидан,
Қутулгандай яйрар юрак.

Тотдим Олчин олчасидан,
Ширин-шакар болчасидан.
Жой бер менга, жон яйрасин,
Оқбўйранинг шолчасидан.

Кўҳна ишқ бор озорида,
Тоҳир - Зуҳро мозорида.
Жондан бўлак ҳар не бордир,
Янгиқўрғон бозорида.

Беринг илҳомнинг сасидан,
Шоир айниб қолмасидан.
Пичоқчининг пичоғида,
Кесай Говбанд олмасидан.

Уфқдан қочур ноз шомлари,
Ёзсанг гўзал ёз шомлари.
Бир чиройли, бир чиройли,
Оқдарёнинг оқшомлари!