Get Mystery Box with random crypto!

​​ФИТР САДАҚАСИ: КИМЛАРГА ВОЖИБ, ҚАЧОН ВА КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ? | Rosululloh ﷺ Ummatlari🌙

​​ФИТР САДАҚАСИ: КИМЛАРГА ВОЖИБ, ҚАЧОН ВА КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Фитр садақаси ҳижрий иккинчи йили жорий бўлган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Нажот топувчи одам, ҳақиқатан, (куфр ва гуноҳлардан) пок бўлур” (Аъло сураси, 14).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оят ҳақида: “У фитр садақаси ҳақида нозил бўлган”, деганлар (Имом Қуртубий).
Бошқа садақалар мол нисбатидан ҳисоблаб берилса, фитр садақаси киши бошига ҳисоблаб берилади.
Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб ҳисобланади. Рамазондан фитр (оғиз очиқлигига) чиқиш муносабати ила берилгани учун фитр садақаси номини олган.
Фитр садақаси ҳожати аслиядан ташқари закот нисоби миқдорида мулки бўлган мусулмонларга вожибдир. У мулкнинг ўсувчи мулк (пул, мол) бўлиши шарт эмас. Кишининг бирламчи эҳтиёжини қондирадиган нарсалар ҳожати аслия дейилади. Буларга яшаётган уйи, бир сидра ёзги ва қишки кийимлари, зарурий уй жиҳозлари, олтин ва кумушдан ясалмаган идиш-товоқлар, битта улов, иш қуроли, оила аъзоларининг озиқ-овқати киради (Айний, “Шарҳи Ҳидоя”).
“Нисоб миқдори” деганимизда, ана шулардан ошиқча молларнинг закот вожиб бўлиши учун маълум миқдорга етиши тушунилади. Мисол учун, олтин: нисоби 20 мисқол (85 гр.); кумуш: нисоби 200 дирҳам (595 гр.); пул: нисоби олтин ёки кумуш нисоби баҳосига тенг бўлганида; тижорат моллари: нисоби олтин ёки кумуш нисоби баҳосига тенг келганида; қўй ва эчки: нисоби қирқтага етганида; қора мол: сигирлар сони ўттизтага етгач; туя: нисоби бештага етганида (“Фатовойи Ҳиндия”).
Мазкур миқдордаги мулкка эга кишилар фитр садақасини беришлари керак. Унинг миқдори буғдой ё майиздан икки кило, хурмо ё арпадан тўрт килодир. Бу маҳсулотларнинг ўзини ёки унинг пулдаги қийматини бериш мумкин. Фитр садақасини ўзи ва балоғатга етмаган фақир болалари учун беради. Хотини, катта ёшдаги болалари ва бой фарзандлари учун бермайди, улар ўзлари беради. Фитр садақаси бериши вожиб бўлган одам фарз садақа олмайди, унга қурбонлик қилиш, қариндошларининг нафақаси вожиб бўлади. Фитр садақаси ҳайит куни бера олмаган одамнинг зиммасидан соқит бўлмайди, кейинроқ бўлса ҳам, адо этади.
Киши рўза тутар экан, гоҳида билиб-билмай оғзидан турли гаплар чиқиб кетиши, баъзи ножўя амалларни қилиб қўйиши мумкин. Шу каби ғашликларни кетказиш учун фитр садақаси жорий бўлган. Фитрни ҳайит куни тонг отгач, беришнинг савоби улуғ. Аммо уни ҳайитдан олдин ҳам бериш мумкин. Шундай қилса, муҳтожлар ҳайит арафасида байрамга тайёргарлик кўришларига имкон туғилади. Фитр садақаси замирида байрам ҳаммага татисин, қўли қисқа, камхаржроқ кишиларнинг оила аъзолари ҳам байрам шодликларидан баҳраманд бўлсин, байрам қувончи ҳар бир хонадонга, ҳар бир кўнгилга кириб борсин, деган ҳикмат бор. Рамазон ойи тугаб, ҳайит кунининг тонги ёришиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади (“Мухтасарул виқоя”).
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати 2021 йилги фитр-садақа, фидя ва закот нисоби бўйича қуйидагиларни маълум қилди:
“Фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ (2 кг), арпадан бир соъ (4кг), майиздан ярим соъ (2кг) ва хурмодан бир соъ (4кг)дир.
Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.

Шунга кўра, 2021 йил учун фитр садақасининг миқдори:
2 кг буғдой 10000 (ўн минг) сўм;
4 кг арпа 14000 (ўн тўрт минг) сўм;
2 кг майиз 80000 (саксон минг) сўм;
4 кг хурмо 140 000 ( бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақаси берса кифоя қилади.
Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозоридаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Аллоҳ таоло Рамазон ойида қилаётган эҳсонларимизни қабул этиб, барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин!

Одилхон қори Юнусхон ўғли

АЛБАТТА ТАРҚАТИНГ

➥Muxlisuz

Каналга уланиш учун
https://t.me/joinchat/S84cGF64CIzsBhCy