Get Mystery Box with random crypto!

Қорақалпоғистондаги шубҳали тендер танловлари ҳақида Қорақалп | Rasul Kusherbayev

Қорақалпоғистондаги шубҳали тендер танловлари ҳақида

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Ободонлаштириш бошқармаси томонидан «Махсус техникаларни ижарага олиш» юзасидан танловлар эълон қилиниб, бу бўйича 4 та лот жойлаштирилган (рақамлари: 24110012360379, 24110012360896, 24110012360904, 24110012360898).

2024 йил 23 май куни эълон қилинган ғолибни аниқлаш баённомаларига кўра: ушбу танлов (тендер)ларнинг барчасида аффилланган шахсларга тегишли икки иштирокчи таклифлар билдириб, энг яхши таклифларни танлаш орқали «OKO AZIYA FORSAJ» МЧЖ ғолиб деб топилган ва жами 930 млн сўмлик шартномаларни қўлга киритган.

Иккинчи иштирокчи — «ROAD TRANS INVESTMENT» МЧЖ эса барчасида заҳира ғолибига айланган.

Бир қарашда «OKO AZIYA FORSAJ» МЧЖнинг раҳбари (Хўжаназаров Отабек Хўжамуродович) ва «ROAD TRANS INVESTMENT» МЧЖнинг таъсисчиларидан бири (Хўжаназаров Отажон Хўжамуротович) ўртасида фамилия ва отасининг исми ўзаро ўхшашлигидан ташқари икки иштирокчининг боғлиқлиги сезилмайдигандек. Бу ҳолат шунчаки тасодиф бўлиши мумкин деб ўйлайсиз.

Аммо қўшимча ҳужжатларни ўрганиш жараёнида мазкур 4 та лот бўйича ўзаро аффилланган шахслар иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритгани юзага чиқмоқда.

Хусусан, «OKO AZIYA FORSAJ» МЧЖнинг раҳбари Хўжаназаров Отабек Хўжамуродович бир вақтнинг ўзида «ROAD TRANS INVESTMENT» МЧЖда участка мастери лавозимида ишлайди.

Шунингдек, «OKO AZIYA FORSAJ» МЧЖнинг сифат текширувчиси М.Эшчонов бир вақтнинг ўзида «ROAD TRANS INVESTMENT» МЧЖда ҳуқуқшунос лавозимида фаолият юритади. Ҳар иккала МЧЖнинг кадрлар бўйича инспектори айни бир шахс. Ғолиб компаниянинг ходимларини мағлуб компанияда ҳам фаолият юритиш ҳолати шу билан якун топмайди, яна кўплаб мисоллар мавжуд.

Бундан ташқари, «ROAD TRANS INVESTMENT» МЧЖнинг таъсисчиларидан бири Хўжаназаров Отажон Хўжамуротович айни вақтда «ELLIKQAL'A MEGA BITON» МЧЖнинг раҳбари ва 50 фоиз улушига эгалик қилади. Яна бир боғлиқлик шундаки, «OKO AZIYA FORSAJ» МЧЖ — «ELLIKQAL'A MEGA BITON» МЧЖнинг расмий диллери ҳисобланади.

Манба