Get Mystery Box with random crypto!

Олдиндан тўлаб қўйилса, тариф 2 ой мобайнида эски нархда қабул | Rasul Kusherbayev

Олдиндан тўлаб қўйилса, тариф 2 ой мобайнида эски нархда қабул ҳисобланади

“Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 116-бандида “Маиший истеъмолчи ўз хоҳишига кўра, 2 ойдан кўп бўлмаган муддат учун электр энергиясидан фойдаланиш ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин ва бунда тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди”, дейилган.

Шунингдек, “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”нинг 102-бандида “Тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилинади”, деган қоида мавжуд.

Шундан келиб чиқилса, 1 майга қадар тўлов қилган ҳақдор абонентларга 2 ой муддат мобайнида эски тариф қоидалари амал қилади.

Масалан, сиз электр энергияси учун 30 апрелда 1 миллион 100 минг сўм тўлаб қўйсангиз ва май ойида 1 000 кВт·соат электр энергияси ёқсангиз, сизнинг шахсий ҳисоб рақамингиздан 200 кВт·соат учун 59 минг сўм (295 сўмдан), 800 кВт·соат учун эса 472 минг сўм (590 сўмдан), жами 531 минг сўм ечиб олинади. Июнь ойида худди шу тартиб давом этади.

1 июль ҳолатига 38 минг сўм пул билан ўтасиз ҳамда шу кундан эътиборан 1 кВт·соат учун сиздан 450 сўм ечиб олина бошлайди.

Аммо қарздор ёки май ойининг бошидаёқ ҳисоб рақамида маблағи тугаб, янги тўловни амалга оширишга мажбур бўлган абонентлар учун тариф ўзгаради ҳамда улар янги тўлов билан тегишли равишда 450/650 – 1000/1500 сўмдан ҳақ тўлашни бошлайдилар.

@r_kusherbayev