Get Mystery Box with random crypto!

СУД ҚАЧОН АДОЛАТЛИ БЎЛАДИ? “Адолат ва одил суд бўлмаган шаро | Rasul Kusherbayev

СУД ҚАЧОН АДОЛАТЛИ БЎЛАДИ?

Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади”.
Августин Аврелий

Суд айбсиз кишини жавобгарликка тортгани қанчалик адолатсизлик бўлса, жиноятчини жазодан озод қилиши икки карра адолатсизликдир. Чунки ҳақли жазодан қутулиб қолган шахс яна жиноят содир этиши, жамият ва давлат манфаатларига катта зиён етказиши мумкин.

Ўтган ҳафтада ЖИБ Бухоро шаҳар судининг ҳукми билан муқаддам 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган шахс апелляция судида буткул оқланди. Юқори инстанция суди унинг жиноий қилмишларига бутунлай кўз юмди. Ҳолбуки, мен суд жараёнларида судьяларнинг нохолислиги, жиноятчини оқлаш устида иш олиб бораётгани хусусида юқори идораларга мурожаат қилгандим.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар Олий кенгашидан бу борада жавоблар олдим.

Жабрланувчиларни тинчлантирдим, мамлакатда суд тизимининг босқичма-босқич ислоҳ қилинаётгани хусусида айтиб, уларга тасалли бердим.

Афсуски, жабрланувчилар суд ҳайъати сотилганлиги ҳақидаги гумонларида ҳақ бўлиб чиқди.

Куни кеча ЖИБ Тошкент шаҳар судининг апеллация ҳайъати Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган 240 томлик шов-шувли иш материалларини юқори босқичда кўриб чиқди ва тергов органи томонидан айбланган шахсларни оқлаш ҳақида қарорни кучда қолдирди.

Мазкур ишда жабрланувчилар қарийб 257 миллиард сўмлик зарар кўрган, жиноят иши доирасида 20 га яқин шахс ҳисбга олинганди. Терговлардан қочган шахсларнинг бир қисми хорижда, айримлари бошқа туман судларининг қора курсисида ўтирибди.

“MEGATEK”, “GRAND RAVON OIL” сингари автомобиль мойи импортчиларига тегишли ширкатлар доирасидаги мазкур иш бўйича оммавий ахборот воситаларида кўп материаллар чиқди. Бироқ шунга қарамай Олмазор судининг атиги 2 йиллик иш стажига эга судьяси Бош прокуратура томонидан тасдиқланган айблов хулосасини йўққа чиқарди.

Аслида ҳам судланувчилар айбсизми? Жиноят иши доирасида қамоққа олинган шахслар беайбми? 240 томлик жиноят иши уйдирмами?

Афсуски, одил суд бўлмаган мамлакатда буни била олмаймиз. Эҳтимол, худди жадидлар иши сингари бу ишлар ҳам йиллар ўтиб қайта кўрилар, аммо аниғи шуки, менда тизимга буткул ишонч қолмади.

P.S. Бухоро вилояти судларида сўнгги бир йилда Олий суд раисининг ўринбосариларидан бири, Бош прокурорнинг ўринбосари ва таниқли адвокат иштирокида 52 та жиноят ишлари бўйича “келишилган” оқловлар бўлганига оид материллар қўлимга тушди. Мазкур ишлар бўйича суриштирувлар олиб бормоқдаман. Ҳозирча бу хилдаги жиноят ишларининг 9 тасини топдим ва қолганини ҳам аниқлишим билан жамоатчиликка эълон қиламан.

Юқорида тафсили келтирилган ишлар ана шуларнинг 2 таси холос.

Абдураҳмон Ташанов,
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги жамоатчилик кенгаши аъзоси.

Манба