Get Mystery Box with random crypto!

Маълумотларга кўра, ўтган йили февралда президент маиший чиқин | Rasul Kusherbayev

Маълумотларга кўра, ўтган йили февралда президент маиший чиқиндилар билан боғлиқ селектор ўтказган. Уни тўплаш ва қайта ишлашда давлат-хусусий шерикчиликни жорий қилиш топшириғи берилган.

Ишлаб чиқилган тартибга кўра, тендер ғолибига «Тоза ҳудуд» ДУКнинг барча мол-мулки ва махсус техникалари ўзаро битим асосида ўтказиб берилади. Шунингдек, корхонанинг дебитор ва кредитор қарздорлиги ҳам ғолиб тадбиркорга бириктирилади. Тадбиркор томонидан ўтказилган мол-мулк ва техникаларнинг ҳисобланган баҳоси 10 йил муддат давомида давлатга бўлиб тўлаб бериш мажбурияти юкланади. Тошкент вилояти бўйича корхонага қарашли 7 та маиший чиқинди полигонлари (умумий ер майдони 115 гектар) мавжуд бўлиб, мазкур полигонлар ҳам хусусий секторга топшириладиган бўлган.

Шунга кўра, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркорларга бириктириш бўйича Тошкент вилоят ҳокимлигида тендер комиссияси ташкил этилган. Комиссия томонидан вилоят ҳудуди бўйича 4 та лотда танловлар ўтказилиши белгиланган.

Тендерда устав фонди 1 млрд. сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлик субъектлари иштирок этиши мумкинлиги ҳамда 10 йил муддат ичида 5 млн. АҚШ доллари инвестиция киритиш мажбурияти қайд этилган. Аниқланишича, тендер танловларидаги 4 та лотнинг барчасида «Зангиота ободон» МЧЖ иштирок этган. Таҳминларга кўра, жамиятнинг норасмий раҳбари Низомиддинов Жамолиддин Шаҳобиддинович ҳисобланади. МЧЖдаги 50 фоиз улуш Шаҳобиддинов Дилшод Фазлиддин ўғлига қарашли. Юқоридаги шахслар Президент Администрациясининг собиқ раҳбари Низомиддинов Зайнилобиддин Шаҳобиддиновичга қариндош бўлиши мумкин.

Соҳа мутахассисларининг сўзларига кўра, мазкур корхона тендер танловларида ғолиб бўлса, аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнларида жиддий муаммолар ва норозиликлар вужудга келиши айтиб келинган. Сабаби, ҳозирги кунда «Зангиота ободон» МЧЖ Тошкент тумани ва Чирчиқ шаҳри ҳудудида маиший чиқиндиларни йиғиш бўйича хизмат кўрсатиб келмоқда.

Унинг фаолияти аҳоли томонидан қониқарсиз баҳоланаётган бўлиб, йил бошидан бери вилоят Экология бошқармасига корхонанинг кўрсатаётган хизматидан норозилик тўғрисида мунтазам мурожаатлар (Тошкент туманидан – 82 та, Чирчиқ шаҳридан 37 та) келиб тушмоқда.

Бугунги кунда вилоят «Тоза ҳудуд» корхонасида 612 нафар ишчи-ходим (шаҳар-туман ҳудудий бошқармалари билан биргаликда) фаолият кўрсатиб келмоқда. Сўнгги 2 ой давомида 80 тадан 100 тагача ишчи-ходимларнинг ишдан бўшаш ҳолатлари кузатилган ва бунинг натижасида тизимда жами 92 нафар бўш иш ўрни (вакант) вужудга келган. Аксарият тажрибали мутахассислар корхона тугатилаётганлиги муносабати билан ишсиз қолиб кетишдан хавфсираб, бошқа ишга ўтиб кетмоқдалар. Таъкидлаш жоизки, корхонада ҳудуд назоратчиларининг оммавий ишдан бўшаганлиги сабабли жисмоний шахсларнинг қарздорлиги ундирилмай қолмоқда. Жумладан, бугунги кунга келиб истеъмолчиларнинг 23 млрд. 697 млн. сўм миқдорида қарздорлиги мавжуд.

Шу билан бирга, корхонадаги ишчиларнинг ойлик иш хақидан қарздорлиги асосий муаммо бўлиб келмоқда. Яъни, июнь ойи учун 230 нафар ишчи-ходимдан жами 302 млн. сўм, июль ойи учун эса 745 нафар ишчи-ходимдан 921 млн. сўм, жами ойлик иш ҳақидан 1 млрд. 223 млн. сўм миқдорида қарздорлик мавжуд. Корхона раҳбарларининг сўзларига кўра, дебитор қарздорликни ундириш орқали ойлик иш хақини тўлаб бериш режалаштирилган.

Бундан ташқари, маиший чиқиндиларни йиғиш фаолиятини давлат-шерикчилик асосида тадбиркорларга топшириш бўйича ишлаб чиқилган концепцияда ҳозирда «Тоза ҳудуд» ДУКда фаолият юритаётган ишчи-ходимларни ишдан бўшатмаслик ёки уларни бошқа иш билан таъминлаш масаласига эътибор қаратилмаган. Келгусида тизим тадбиркорлик субъекти бошқарувига ўтса, корхонанинг деярли 50% ишчи ходимлари ишсиз қолиши прогноз қилинмоқда. Бу эса ўз навбатида, ишчи-ходимларнинг оммавий норозилиги вужудга келишига сабаб бўлади. Давлат бу ҳолатларни яхшилаб ўрганиши керак. Бу ишларга чора кўрилмаса, олдинда бизни маиший чиқиндилар тўпланиб қолиши муаммоси кутмоқда.

@Zafarbek_Solijonov