Get Mystery Box with random crypto!

Фарғонада Маънавият фестивали: 'Халқ Конституцияси билан халқч | QUVASOY SHAHAR HOKIMLIGI

Фарғонада Маънавият фестивали: "Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!"

Вилоятимиз шаҳар ва туманларида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан "Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!" шиори остида Маънавият фестивали бўлиб ўтмоқда. Унда пойтахтимиздан келган таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар ҳамда "Маърифат" тарғиботчилари жамияти аъзолари иштирок этмоқда.

Жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир – “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий Қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ референдуми ўтказилади. Мазкур тарихий воқеага вилоятда ҳам қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Жойларда аҳолининг барча қатламлари иштирокида тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти тушунтириб берилмоқда.

Қўштепа туманидаги “Қийқи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги маданият марказида бўлиб ўтган тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори Жамила Шермуҳаммедова ва бошқалар янгиланаётган Конституция жамиятимизнинг миллий тараққиёт эҳтиёжларидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, Янги Ўзбекистонни бунёд этишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашдаги истиқболли қадам эканлигини таъкидладилар. Самимий мулоқот тарзидаги тадбирда бош қомусимиздаги муҳим ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Рамазони шариф эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойидир. Ҳудудларда давом этаётган Маънавият фестивали доирасида эзгу ташаббуслар кўнгилларга шодумонлик улашмоқда. Пойтахтимиздан келган зиёлилар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар Қувасой шаҳридаги учрашувлар чоғида чегарадош ҳудуд – "Полмон" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳаётхон Давронова ҳамда Нурхон Эргашева хонадонида бўлдилар. Ижтимоий дафтарда турувчи оила вакиллари билан самимий мулоқот қилиниб, совғалар топширилди. Саксон ёшга яқинлашаётган Ҳаётхон ая бундай йўқловдан миннатдор бўлиб, юртимизга тинчлик, Президентимизга соғлик тилаб, дуолар қилди.

"Маънавият фестивали" доирасида келган тарғибот гуруҳи аъзолари Фарғона шаҳрида барпо этилаётган Экошаҳарда ҳам бўлиб, ободонлаштириш ходимлари билан учрашдилар. Самимий мулоқотда уларнинг меҳнати эътироф этилди.Ободликка катта ҳисса қўшаётган бу инсонларга китоблар туҳфа қилинди.

Фарғона шаҳридаги "Мурувват уйи"ни чин маънода меҳр маскани деб аташ мумкин. Бу ерда 247 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Фестиваль меҳмонлари бу ерда бўлиб, болаларнинг холидан хабар олдилар. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан болажонларга ўқув қуроллари жамланмаси топширилди.

Quvasoy shahar hokimligi
Axborot xizmati

| Facebook | Telegram |