Get Mystery Box with random crypto!

#Закот_китоби НИСОБЛАР ҲАҚИДА 1) Шаръий нисоб деб нимага айтил | QUR'ON VA SUNNAT

#Закот_китоби
НИСОБЛАР ҲАҚИДА
1) Шаръий нисоб деб нимага айтилади?
Шаръий нисоб – маълум бир турдаги молнинг шариат белгилаган миқдорга етишидир. Мисол учун, шариат тилланинг нисобини саксон беш грамм қилиб белгилаган. Мол шаръий нисобга етганда баъзи ҳукмлар унга боғлиқ бўлади.

2) Шариатдаги қайси ҳукмлар молнинг нисобга етишига боғлиқ бўлади?
Закотнинг фарз бўлиши, фитр садақаси, қурбонлик ва яқин қариндошларнинг нафақаси вожиб бўлиши закот ва садақа олишнинг ҳаром бўлиши мол нисобга етиши боғлиқ бўлади. Фақатгина закот фарз бўлиш масаласида нисобига етган мол ўсувчи бўлиши шарт. Қолганларида ўсувчи мол бўлиши шарт эмас.

3) Бир кишининг қарзи бўлса-ю, шу билан бирга пули, савдо моллари ва чорва ҳайвонлари бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида нисобга етган бўлса, унинг қарзи қай турдаги молидан адо этилади?
Аввал пулидан, агар етмаса, савдо моллари ҳам қўшилади, у ҳам етмаса, сўнг чорва моллари ҳам қўшилиб қарзини узади. Қанча моли қарзига кетса, қолганидан закот чиқаради. Агар ҳамма моли қарзига кетиб қолса, закот чиқармайди.

4) Тилланинг нисоби ва ундан вожиб бўлган миқдор қанча?
Тилланинг нисоби 85 граммга тўғри келади. Ундан озига закот йўқдир. Ундан қирқдан бири закотга берилади.

5) Кумушнинг нисоби қанча?
Кумушнинг нисоби 200 дирҳам бўлиб, ҳозирги вақтда 595 граммга граммга тўғри келади.

6) Қандай кўринишдаги тилла ва кумушдан закот берилади?
Тилла ва кумуш танга бўладими ёки руда ҳолда бўладими, ёки ишлов берилган бўладими, ёки тақинчоқ бўладими, ёки идиш бўладими, қандай бўлишидан қатъий назар, агар нисобга етган бўлса, ундан закот берилади.

7) Агар тилладан идиш ёки тақинчоқ ясалган бўлса, унинг нисобини чиқаришда вазни эътиборга олинадими ёки қийматими?
Аввало, тилло идиш, тилло тақинчоқ ва шу кабиларда закот вожиб бўлишига барча уламолар иттифоқ қилишган. Уларнинг вазнидан ёки қийматидан беришда икки хил фикр бор. Баъзи уламолар вазнидан берилади дейишган. Аммо замондош уламоларимиздан баъзилари қийматидан берилади, чунки булар санъат асари сифатида баҳоси яна ҳам ортган бўлади дейишган. Аёлларнинг тақинчоқларига келсак, ҳанафий мазҳабида закот вожиб бўлади ва унинг вазнидан берилади.

8) Ёқут, олмос, марварид ва жавоҳирларга ўхшаш қимматбаҳо тошлардан закот бериладими?
Улардан закот берилмайди. Гарчи улар тақинчоқ бўлса ҳам. Чунки тошларда закот йўқ. Лекин улар тижорат мақсадида сақланиб турилган бўлса, закот берилади.

9) Пуллардан закот бериладими?
Ҳа, берилади, чунки ҳозир тилла ва кумуш пуллар муомаладан чиқиб, оддий пуллар тилла ва кумуш танга ҳукмидадир. Улар чақа пул бўладими, қоғоз пул бўладими ёки чек, акциялар ёки пластик карталардаги пуллар бўладими, нисобига етиб, бир йил айланса, буларнинг барчасидан закот вожиб бўлади.

10) Пулларнинг нисоби қандай бўлади?
Пулларнинг нисоби тиллага нисбатан ҳисобланади. Пуллар 85 гр тилла қийматига етиб бир йил айланганда закот бериш вожиб бўлади.

11) Тижорат молларига нималар киради ва уларнинг нисоби қандай ҳисобланади?
Тижорат моллари тижорат учун тайёрлаб қўйилган матолар, кўчмас мулк, ҳайвонлар, товарлар, буюмлар ва бошқа моддий нарсалардир. Уларнинг нисоби ҳам мол нисоби каби бўлиб, тилланинг ҳисобидан нисоби чиқарилади.

12) Савдо молларидан қачон закот берилади?
Тижорат ниятида олиб қўйилган барча товар ва кўчмас мулкларнинг қиймати 85 гр тилла қийматига етганидан сўнг бир йил ўтса, молнинг ўзидан ёки қийматидан закот бериш фарз бўлади. Чунки маҳсулотнинг ўзидан ёки қийматидан закот бериш вожиб. Шунинг учун закот берувчи иккисидан бирини танлайди. Агар қийматидан закот чиқарадиган бўлса, закот берадиган кундаги қийматидан закот чиқаради.

13) Савдо молларидан қанча закот берилади?
Молнинг қирқдан бирини закотга чиқаради.

14) Савдо молларининг тури ва жинслари ҳар хил бўлса, нима қилинади?
Савдо молларининг тури ва жинси ҳар хил бўлса ҳам барчасини қўшиб, ҳаммасидан биргаликда закот чиқарилади.

"Ҳанафий фиқҳидан савол-жавоблар" китобидан.
•┈•┈•┈•┈•❁✿❁•┈•┈•┈•┈•

ДЎСТЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!!!

https://t.me/+HqBivXb1iwRhYTcy