Get Mystery Box with random crypto!

ТЎЙЛАР ВА ОРЗУ-ҲАВАС (Шайх Нобулсийдан қиссалар ва ҳиссалар. | Quron_Sunnat_maruza_namoz

ТЎЙЛАР ВА ОРЗУ-ҲАВАС

(Шайх Нобулсийдан қиссалар ва ҳиссалар. 11-қисм).

Саҳобаи киромлардан бирининг гўзал қизи бўлиб, бир кун тақдири илоҳий ила унинг эри вафот этди ва у буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар қилди. Жулайбиб деган уйланмаган саҳоба бўлиб, бир кўзи кўрмас, бўйи паст, ўта фақир ва чиройдан бенасиба эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: "Эй Жулайбиб уйланмайсанми?" деб сўрадилар. У бўлса: "Эй Аллоҳнинг Расули, ушбу фақирлигим ва бу кўринишимда ким ҳам мени куёв қилар эди?", деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни жуда яхши билар эдилар. У зоти шариф Жулайбибга: "Фалончининг уйига бориб, уларга
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизингизни менга турмушга беришингизни амр этдилар, деб айт", дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу бева аёлнинг ўта гўзал ва бой, саҳобийнинг эса ўта фақир ва хунуклигидан огоҳ эдилар. Бу иккиси кўринишда асло бир бирига муносиб эмас, бири ўта гўзал, яна бири эса бунинг акси эди.
Жулайбиб бориб уларнинг эшигини тақиллатди ва: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қизингизга совчи қилиб юбордилар", деди. Улар бу кимсанинг сўзини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизимизни ўзларига сўрабдилар, дея тушунишди ва бу хабардан жуда хурсанд бўлишиб, гўёки осмонларга учишди.
У эса: "Қизингизни менга никоҳлашингизни амр этдилар", деди.
Ота чақмоқ ургандек қотиб қолди. “Ҳозир, аёлимга айтайчи", дея ичкарига кириб, хабарни аёлига айтган эди, аввалига у ҳам совчи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан келди дея хурсанд бўлиб терисига сиғмай кетди. Жулайбиб қизини ўзига сўраб келганини айтгач, "Аллоҳ асрасин, буни сира ҳам иложи йўқ-ку", деб юборди. Ота ва она ҳусну малоҳатда тенгсиз қизларини фақир ва хунук инсонга асло мос кўра билмаётган ва буни сира ҳам ҳазм эта олмаётган эдилар.
Қиз ота онасининг у ҳақидаги сўзларини эшитиб қолди-да, "Мен розиман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ҳеч қачон зое қилмайдилар, ҳеч ҳам номуносиб ишга буюрмайдилар", деди.

Биродарлар, бу Исломдир! Бири ўта гўзал ва ўзига тўқ, иккинчиси ўта хунук ва камбағал бўлган бу инсонлар турмуши кўринишидан эҳтимолдан жуда ҳам йироқ ва ўта номуносиб эди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият одатларидан бирини бекор қилиб, йўқ қилиб ташлашни ирода қилдилар.

Жулайбиб розияллоҳу анҳунинг оила учун керакли нарсалар сотиб олиши учун пул йиғилди.
Тўйи бўладиган куни эса Уҳуд жангига чақирилиб, ўша жойда шаҳодат топди.

Саҳобаи киромлар гўёки бизлардан бошқача одамлар бўлишган!

У муҳтарам зотлар Аллоҳ ризоси учун дунёвий моддиётларнинг барчасини оёқлари остига ташлашган. Агар биз ҳам улар мақсади ва ҳолатига қайта олсак, Аллоҳнинг нусрати ваъдасига ҳақли бўламиз.

Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий


Таржимон изоҳи:

Аввало беш қўл баробар эмас. Инсонлар ҳам турли тумандир. Пандемия вақтида баъзиларимизнинг аслимиз билиниб қолди. Уйланишга етарли маблағи бўлмаганидан уйлана олмай юрган бир неча йигитларга "мана Аллоҳ сизларга имкон бераябди. Исрофсиз, ҳаром-ҳаришсиз, айни динимиз буюрганидек тўй қилиш иложингиз бор. Ихчамгина яқинлар даврасида маълум қилиб, келинни олиб келинг", деб айтганимизда, "Бизнинг ҳам орзу ҳавасларимиз бор, катта тўй қилиб, одамларга билдиришни истаймиз", дейишди.
"Тўғрисини айтаверинглар, арақ қўйиб, одамларни бир жойга жамлаб, ҳаром нарсаларни аралаштириб тўй қилишни истайсизлар-да", деганимизда, "Ҳа шундай", дея жавоб берганлар ҳам бўлди.

Тавба, инсон зоти нега бунақа? Давлат, муфтият, маҳалла, тиббиёт, ҳокимият, ҳатто ўз уйидагилар ҳам ихчамгина тўй қил, исроф қилма, яқинларинг билан ўтказ, деб турсаю, бу ёқдагилар буни аксини истаб, вақтини пойлаб туришсая.
Кўрдик ва билдик. Ихчамгина ва исрофсиз тўй қилиш қандай яхши экан! Бундай тўйлардан кейин бўйнигача қарзга кирилмас, қарзни узиш учун тўйдан сўнг чет элларга иш излаб кетилмас экан. Қани эди шу тарздаги ихчам ва исрофсиз тўй ва маросимларни падемия тугагач ҳам ўтказилавериши йўлга қўйилса эди!

Зотан, тўй ва маросимларда ҳаддимиздан ошган эдик, жуда катта бало мусибат билан ўз ҳаддимизга тушириб қўйилдик.

Тавфиқ - Аллоҳдандир!

Суннатуллоҳ Абдулбосит