Get Mystery Box with random crypto!

ЯРИМ СОАТ Экран бир икки липиллаб турди-да, чиқ этиб | Hayot☘️

ЯРИМ СОАТ

Экран бир икки липиллаб турди-да, чиқ этиб ўчди-қўйди. Компютер қаршисида мук тушиб ишлаётган ходимлар баравар уҳ тортиб юборишди.
- Вооой “сохранит” қилмагандим!
- Ўлсин-а, о-озгина қолганди!
- Эҳ яна тугатолмадим!
- Эндигина гаплашаётгандим Америкадаги дугонам билан!
- Шу етмай турувди…
- Уфф…
Ҳафтада олти кун, эртадан кечгача экранга михланиб ишлашга кўникиб қолган ходимлар бир зум нима қиларларини билмай серрайиб қолишди-ю, бекорчиликдан аста бир-бирларига сўз қота бошлашди.
- Мастурахон, бугун жа-а очилиб кетибсизми? Янги кўйлагингиз бунча ярашибди?
- Вой янгилиги қоптими Азиз ака, бир ҳафтадан бери кийиб келаман-ку…
- Нафиса, қизинг яхшими? Ўқишга кирдими?
- Йўқ, озгина балл етмабди, уч кундан буён хонадан чиқмай йиғлаб ётибди.
- Ниғматвой, ҳа бу кўринмайсиз?
- Ие ака, ҳар куни шу ердаман-ку!
- Акбар ака, кеча аянгизни кўргандим, соғиндим, бир ҳабар олмайди ҳам бу бола дедилар.
- Яхши эслатдингиз Саидахон, ўзимам бир қўнғироқ қиламан деб юргандим, ҳозир гаплашаман.
- Наима, бошинг анча яхшими, тунов куни оғрияпти деб юргандинг.
- Эй нимасини айтасиз, оғриқ ўлгур қўйиб юбормаяпти.
- Ҳа айтганча, Салим акани анча мазаси йўқмиш, бир ҳабар олиб келсак бўларди, ҳар ҳолда энг каттамиз…
- Тўғри айтасиз, албатта бориш керак.
- Бугун ишдан кейин борсак-чи?
- Маъқул. Қуруқ бормасмиз ҳар ҳолда, қани тўртта патир билан мева-чевага икки мингдан ташлангларчи!
Ярим соат. Ярим соатгина вақт етарли бўлди меҳр, оқибат, ҳамжиҳатлик, яқинлик учун. Нега замонавий технологияларнинг т ҳарфи, интернетнинг и ҳарфи етиб бормаган кичик-кичик қишлоқларда меҳр-оқибат кучли-ю, тобора тараққий этиб бораётган катта-катта шаҳарларда одамлар ҳам тобора бегоналашиб, оқибат кўтарилиб бораяпти экан деган саволга жавоб топилгандек бўлди. Ярим соатда.


Лобар Азизхўжаева

@qunduzka