Get Mystery Box with random crypto!

​“Ўзгидромет” хабар беришича, 9—12-январ кунлари Ўзбекистонда | Qoʻshrabot tumani | Қўшработ тумани☑

​“Ўзгидромет” хабар беришича, 9—12-январ кунлари Ўзбекистонда аномал совуқ об-ҳаво кутилмоқда. “Юксалиш” ҳаракати барча ҳамюртларимизни қуйидаги ишларга чорлайди:

Биринчидан, барча иш берувчилар — ҳам давлат, ҳам хусусий сектор иш жараёнларини ташкил этишни чуқурроқ кўриб чиқишлари керак. Меҳнат шароитлари билан танишиб чиқиб, ходимларни қулай ҳарорат режими билан та‘минлаш зарур.

Иккинчидан, агар ходимларнинг иш жойида бўлишига эҳтиёж бўлмаса, улар онлайн ишлашига рухсат берилиши керак. Пандемия бундай форматда ҳам берилган вазифаларни самарали бажариш мумкинлигини кўрсатди. Қолаверса, бу йўлларни тирбанд қилмасдан, қор ва музлардан тозалаб олинишига шароит яратади.

Масалан, “Юксалиш” ҳаракати жамоаси 9—15 январ кунлари масофадан ишлашга ўтмоқда. Марказий идора жойлашган бинонинг иситиш тизимидаги қийинчиликлар сабабли шундай қарорга келинди. Ҳудудий бўлинмалар ҳам онлайн форматга ўтмоқда.

Учинчидан, иш соатларини, айниқса, очиқ ҳавода ишлайдиганлар учун қисқартириш мақсадга мувофиқ. Имкон қадар ходимлар учун иссиқ ичимликлар ташкил қилиш, совуққотиш ҳолатларининг олдини олиш учун танаффус бериш ёки ўрин алмаштириш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Тўртинчидан, йирик савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида иссиқ чой беришни ташкил қилиш ўринли бўлади.

Бешинчидан, жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракатланишини та‘минлаш керак. Чунки ноқулай об-ҳавода йўлларда енгил автомобиллар сони кескин камаяди.

Муҳими, бе‘этибор бўлмайлик, қишнинг совуқ кунларида илиқлик улашиб, бир-биримизга ёрдам берайлик.

Маҳаллангиздаги ёлғиз кекса қўшнилар, кўп болали оилалар, фарзандини ёлғиз тарбиялаётган оналардан хабар олинг. Улардан иситиш тизими, электр, газ борлигини сўранг? Балки кимгадир ўтин ёки кўмир керакдир? Иссиқ кийимлари йўқдир. Ўзингизда борини улар билан ҳам бўлишинг. Шахсий автомобилда ҳаракатланганда ҳам бир манзилга борувчи йўловчиларни олиб кетинг.

TELEGRAM t.me/qoshrabot