Get Mystery Box with random crypto!

Ночор одамнинг дуоси ижобатли Молик ибн Динор айтади: «Ҳаж қи | Qoriravot masjidi ʳᵃˢᵐⁱʸ ᵏᵃⁿᵃˡ

Ночор одамнинг дуоси ижобатли

Молик ибн Динор айтади: «Ҳаж қилиш ниятида йўлга чиқдим. Саҳрода кетар эканман, оғзида нон кўтариб олган бир қарғани кўриб қолдим. «Бу қарға оғзида нон кўтариб учиб кетяпти. Бу ерда бир гап бор», дедим-да, қарғанинг ортидан тушдим.

Қарға бир ғорнинг олдига келиб қўнди. Ғорнинг ичига кирсам, қўл-оёғи боғланган бир киши ётибди. Олдида эса нон турибди. Мен унга: «Кимсан? Қайси ўлкадансан?» дедим.

У шундай деди: «Мен ҳаж қилиш учун чиққан эдим. Қароқчилар ҳужум қилиб, бор мол-мулкимни тортиб олиб, кўриб турганингдек, шу аҳволда ташлаб кетишди. Бир неча кун очликка сабр қилдим. Кейин Роббимга чин қалбдан дуо қилиб, «Эй Ўзининг азиз Китобида: «…ёки музтар-ночор одам дуо қилганда ижобат этиб…» деган Зот! Мен ночорман, менга раҳм қил», дедим. Шундан бери ҳар куни мана шу қарға овқат олиб келяпти».

Мен унинг қўл-оёғини ечдим. Биргалашиб йўлда давом этдик. Чўлу биёбонда ниҳоятда чанқадик. Қарасак, узоқда бир қудуқ кўринди. Қудуққа яқинлашсак, унинг ёнида кийиклар турган экан. Улар биздан ҳуркиб, қочишди. Лекин сал узоқроққа бориб, яна мўлтираб сувга қараб тураверишди. Қудуқнинг тагида сув кўринди.

Бир амаллаб ўша сувдан олиб, ўзимиз ичдик. Лекин кийикларни ҳам суғормай ташлаб кетгимиз келмади. Шеригим билан чуқур кавлаб, унга қудуқдан сув олиб тўлдирдик. Кейин четроққа ўтиб турдик. Кийиклар келиб, сувдан қониб ичишди.

Шу пайт менга бир овоз эшитилди: «Эй Молик, шеригинг бизга дуо қилди, чин қалбдан бизга юзланди. Унинг дуосини ижобат этдик, унга таом бердик, уни арқондан қутқардик ва унга сув бердик. Кийиклар ҳам бизга таваккул қилишди, уларни ҳам суғордик».

«Солиҳлар гулшани» китобидан


https://t.me/Qorirovotuz