Get Mystery Box with random crypto!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳам | Qobiljon Qori | Rasmiy sahifa

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Зулмат тўрин ёриб бир нур келаётир,
Худди денгиз тубидан дур чиқаётир.
Сокинликни бузди бир товуш охир,
Расулуллоҳ келмоқдалар, Расулуллоҳ!

***
Дилда таҳлил, тилда тасбеҳ, қўлда Қуръон,
Лабда кулгу, юзда зиё, қалбда иймон.
Бугун дарёдек эди кичик оламон,
Расулуллоҳ келмоқдалар, Расулуллоҳ!

***
Барча шошган, майхўрларга ароқ таҳир,
Бойвоччалар пул сочишди бирма-бир.
Бенамозлар намоз ўқимоқда, ахир,
Расулуллоҳ келмоқдалар, Расулуллоҳ!

***
Кўкка чиққан телефонлар ерга тушди,
Барча инсон масжид томон елдай учди.
Аразлашган биродарин бағрин қучди,
Расулуллоҳ келмоқдалар, Расулуллоҳ!

***
Ўғрилар уятда, осийлар муттақий,
Зиқнакашлар ўзгарди, бўлишди сахий.
Дилдаги Ғарб туйғулар энди Исломий,
Расулуллоҳ келмоқдалар, Расулуллоҳ!

***
Келмоқдалар қадамлари тезроқ ва шаҳдам,
Келмоқдалар юзлари ой мисоли тўлишган.
Ўрта бўйли, олижаноб, камтар, мукаррам...
Не дей, ахир, ул зот васфин айтиб бўлишган.
***
Кенг елкали, кенг оғизли ва кенг икки кўз,
Жаннатдан чиққан олмосдек гўё.
Тавозеъ, келишган табассумли юз,
Барчани ром этган, барча унга маҳлиё.

***
Хиноли соч елкагача тушиб турғуси,
Ҳар қадамда елка сочни уради бот-бот.
Соч ичиндан икки қулоқ - ҳилол ёғдуси,
Кулгингизга илҳақ бўлди бутун коинот!

***
Тишлари марвариднинг доналаридек,
Киприклари узун, қошлари қалин,
Сурмали кўзлари порлоқ қуёшдек,
Қўллари эса ипакдан майин...

***
Ер ул зотга ошиқ, ўралиб келар,
Шамол сочларини майин силайди.
У буни унутмагай ўтсада йиллар,
Яна ул зот юзларига тегмоқ истайди.

***
Устларида эса булут парвона,
Остларида яшил, юмшоқ майсалар.
Шу бугун майсага келди ҳавасим,
Қанийди юзимни ҳам босиб қўйсалар...

***
Бугун Ер учун тўй, Ер учун байрам,
Расулуллоҳ юрмоқдалар унинг юзида.
Бугун Ер бахтиёр, хурсанд чинакам,
Чунки баҳор ҳавоси унинг сарғиш кузида.

***
Ул зот ҳар юрганда тун ёришарди,
Ҳар босилган из учун жонларим фидо...
Ана, улар мен томонга қараб юрдилар,
Шунда эшитилди аянчли нидо:
«Тур болам, ўқишга кечга қоласан!»
Мусулмоннинг ҳар бир кун, туни
Ўтмоғи керак пок ва бегуноҳ.
Бунинг учун дили айтсинки, шуни
Расулуллоҳ келмоқдалар, Расулуллоҳ!

Аллоҳумма солли аълаа саййидина Муҳаммад!