2023-04-26 07:42:49
Аммажонларим...
Бугун аммаларим ҳақида ёзгим келди. Негалигини билмайман.
Эсимни таниганимдан буён уларга бўлган меҳрим ўзгача.
Дугоналарим, танишларим орасида аммаларидан норози бўлганларни эшитганман.
Онасига зулм қилиб, ака-укасининг оиласига аралашган аммалардан ҳам хабарим бор...
Аммо... меникилар ундай эмас.
Хўш, амма ким?
Отанинг опаси ёки синглиси амма деб номланади, бу сизга аён. Рус ва инглиз тилларида бу атама бир хил сўз билан ифодаланади. Тётя ёки Aunt. Таржимаси ё амма, ё хола бўлади. Бизнинг тилимизда эса бу сўз билан боғлиқ мақоллар, ўхшатмалар ҳам мавжуд. Амма келди ҳамма келди, Аммам эшигимга танбам, Аммамнинг бузоғига ўхшаб лаллайма... кабилар сизнинг ҳам қулоғингизга чалингандир эҳтимол... Аммалар ўхшатиш мумкин бўлса, жигарни бир-бирига бирлаштириб тургувчи ҳужайраларга ўхшайди. Жигар ҳужайралари яллиғланса ёки емирилса, цирроз юзага келади.
Амма аталмиш хонимлар ана шу бутунликни сақлаб қолишга ёрдам берувчилардир, назаримда. Кайвони аммалар икки авлодни тутиб тургувчи кўприк ҳам...
Хуллас, тўртта аммам бор. Падаримнинг тўрт томонидан қўллаб тургувчи сингиллари, онамга меҳрибон, биз жиянлар учун жонсарак... Катта аммам Валима. Яқин яқингача бу исмнинг маъносини билмасдим. Ва деярли бошқа ҳеч қаерда эшитмаганман ҳам. Аммамнинг ўзлари ҳам маъносини билмас эканлар. Бундан бир неча йил аввал Валийма атамасини Ислом.уз сайтида ўқиганман. Валимага уламоларимиз, никоҳ муносабати билан одамларга зиёфат уюштириш деб таъриф беришган. Валима аммам уддабурон, чаққон, пазанда, гапини топиб гапирадиган аёл. Ҳеч қачон ҳаққини бировда қолдирмайди, ҳозиржавоб. Оиламизнинг кайвониси десам ҳам бўлади. Тўйми, маъраками ҳаммасига бош. Менинг ҳозиржавоблигим шу аммамдан ўтган бўлса керак. Яна меҳмондорчиликни ўринлатадиган, обрў олиб берадиган хоним. Бакалавр босқичини тамомлаганимда, шу амманинг кенг ҳовлисида курсдошларимни росса меҳмон қилгандик. Ўзимиз кўп қаватли уйда яшардикда... Валида аммам. Аллоҳ раҳматига олсин! Иккинчи феврал куни қазо қилдилар. Тўсатдан, қон босими ошиши натижасида оламдан ўтдилар. Ўзлари: Елдек келиб, селдек олиб кетсин, дердилар. Дуолари кетган чоғи, худди шундай бўлди. Роббим раҳмати билан, Жаннати билан сийласин. Бу аммам камгап, чиройли, кулиб турадиган шу жиҳатларини ўхшатишади менга ота касб агрономликни эгаллагандилар. Онамнинг доимий йўқловчиси, ҳаммага тез-тез қўнғироқ қилиб хабарлашиб турадиган меҳрпарвар аёл. Олийгоҳга тайёрланаётган кезларимда репититорлик соҳаси энди бошланганди. Инглиз тили ва тарих фанлари ўқитувчиларининг уйларига бориб қўшимча билим олардим. Уйимиз ва устозлар уйи орасидаги масофа олис бўлгани учун Валида аммам Бизникидан қатнай қол, деганлар. Икки ой уларникида туриб ўқиганман. Аммамнинг ёлғизгина қизи билан ҳамхона бўлиб яшаганман. Бу хонадонда умуман диққатим бўлинмай дарс қилолганман. Ўқишга кирганимда мендан кўра кўпроқ суюнган эдилар раҳматли.
Давоми бор...
357 views04:42