Get Mystery Box with random crypto!

Қўл бошқаруви Кичкиналигимда турли катта тадбирларга бориб қо | Qisqa qaydlar

Қўл бошқаруви

Кичкиналигимда турли катта тадбирларга бориб қолсам, раҳбарлар кўзимга қанақадир илоҳий мавжудотлардай кўринарди. Мана шу одамлар мамлакатимизни бошқараяпти, энг муҳим қарорларни қабул қилишаяпти, менинг, сенинг, магазинчи Ғайбулланинг ҳаётини белгилашаяпти, деб ўйлардим. Уларда қанақадир улкан билим ва чуқур тафаккур, ғайриоддий ҳислатлар борлигига ишончим комил эди, уларнинг сирини билгим, уларга сал бўлса-да яқинлашишни истардим.

Вақт ўтиб “каттаконлар”ни яқиндан кўриб, энг хафа бўлиб кетганим – улар ҳар қандай бўлар-бўлмас лойиҳанинг икир-чикиригача ўралашиб ўтиришлари бўлди. Менинг хаёлимда раҳбарлар жамоани илҳомлантириб, уларга стратегик йўналиш ва мақсадларни белгилаб, кейин олдиларига кирган лойиҳага ўша илоҳий қобилиятларидан бир чимдим қўшиб, зўр қилиб, бажаришга қайтариб беришади, деб ўйлардим. Ўша илоҳий қобилият қўл бошқаруви бўлиб чиқди.

Умуман, Ўзбекистонда бирор лойиҳани истаганингиздай ва охиригача етказмоқчимисиз, ким бўлишингиздан қатъий назар, бошидан охиригача ўзингиз устида туришингиз керак. Техник топшириқни ёзишдаям оддий бир мутахассис ёки бўлим мудирини компьютерга ўтказиб қўйиб, диктант ёздиргандай, сўзма-сўз айтиб туришингиз керак. Охирида пудратчига пул тўлаб ўтказиш ҳам ўзингизнинг контролингизда бўлади – шунчалик майдалашишга тўғри келади.

Нега шундай? Лойиҳа бошқаруви яхши йўлга қўйилмагани, албатта, энг асосий сабаб. Бизда бунга биринчи навбатда вертикал қурилган бошқарув тизими ҳалақит беради. Раҳбар замига буюради, зам масъул бошқарма бошлиғига, у бўлим мудирига, бўлим мудири бирор мутахассисга топширади. Мутахассис, институтни тугатиб-тугатмаган ғўр йигит калласига келган фикрларни интернетдан топа олган маълумотлари билан қориштириб, бир нима ясаб беради. Одатда бу ниҳоятда сифатсиз нарса бўлади, чунки унга институтда бошқа бирор иши қўлидан келмагани учун дарс бераётган домлалар “билим берган” (ўзбек тилига зўрға таржима қилинган дарсликдан конспект ёздирган, тўғрироғи). Тажриба эса ҳали йўқ.

Бўлим мудирида тажриба бор-ку, дерсиз. Бор, албатта. У бошқарма бошлиғига нима ёқиб, нима ёқмаслиги бўйича мутахассис, шунга эски лойиҳалардан олади-да, тўғри келган жойига қўшиб чиқади. Бошқарма бошлиғидаям подход шунақа – лойиҳа замдан ўтса бўлди-да, уёғи замнинг муаммоси. Зам одатда селекторларда нима гаплар бўлаётганидан келиб чиқиб лойиҳанинг сиёсатга тўғри келишини кўриб чиқади. Раҳбар эса унгача етиб кўлган Франкенштейнни кўради-да, бошини ушлайди. Унинг олдида иккита йўл бор: ё бошқаттан ўзи қилиб чиқиши (ўша қўл бошқаруви), ёки таваккал қилиб тепага топширвориш. Кўп ҳолларда вақт тиғизлиги сабабли иккинчи йўл танланади. Шунинг учунам атрофимиз шундай гўзал ва бетакрор.