2023-05-15 18:01:50
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу
Ҳижратлари
Умму Фазл эри Аббосдан ўғли Абдуллоҳ билан бирга Мадинага ҳижрат қилиш учун изн сўради. Аббос Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз оилалари билан биргаликда Мадинага ҳижрат қилишга изн сўраб хат ёздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амаки, менинг Пайғамбарлигим энг сўнги пайғамбарлик бўлганидек, сизнинг ҳижратингиз ҳижратнинг энг охиргиси бўлади», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу хабарни эшитгандан кейин Аббос розияллоҳу анҳу сафар тадоригини кўриб, сафар учун керакли барча нарсаларни тайёрлаб қўйди. Умму Фазл ва болалар ҳам сафарга тайёр бўлишди. Болаларнинг энг олдинги сафида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш ва у киши билан бирга туришга муштоқ бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос турарди. Аббос розияллоҳу анҳу айтилган вақт келгач, бола-чақаларини олиб йўлга чиқди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Маккадан Мадинага ҳижрат қилганда ёш бола эдилар. Макка билан Мадина орасидаги Жуҳфа деган жойга етиб келганда, Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам катта қўшин билан Маккани фатҳ қилиш учун кетаётган эдилар. Аббос розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшилиб, Макка фатҳи учун ортга қайтди. Умму Фазл розияллоҳу анҳо болалари билан сафарини давом эттириб, Мадинага кетдилар. Кейинчалик Умму Фазл ҳаётларининг охиригача Мадинада яшадилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос нубувват хонадонида
Абдуллоҳ ибн Аббос онаси Умму Фазл билан Мадинага ҳижрат қилганда ҳали балоғат ёшига етмаган эди. Мадинага ҳижрат қилганидан жуда хурсанд. Негаки, тез кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади. Нажот ва саодат ваҳийи нозил бўладиган жойда бўлишини ёш Абдуллоҳ жуда ўткир зеҳни ва фаросати билан англаган эди. Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм булоқларидан баҳраманд бўлиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерга борсалар, У Зотнинг орқасидан қолмас, худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тарк қилмайдиган сояларидай у киши билан бирга юрар эди. Абдуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжид ёки саҳобалар мажлисида бирга бўлиш билан чекланиб қолмас, доимо у Зотнинг уйларида ҳозиру нозир эдилар. Одатда вақтининг кўп қисми холаси, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Маймуна розияллоҳу анҳонинг уйида ўтарди. Кўпинча Абдуллоҳ шу хонадонда еб- ичиб, ўша ерда тунаб қоларди. Бир куни кечқурун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна онамизнинг уйларига кириб келдилар. Қарасалар, Абдуллоҳ ухлаб қолган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Болакай намозни ўқидими?», деб сўрадилар. Маймуна онамиз: «Ҳа, Абдуллоҳ Хуфтондан кейин ўқиладиган намозни ўқиб ётди», дедилар. Бу ҳақда Абдуллоҳнинг ўзи қуйидагича айтади: «Ўша пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам холамга нима деяётганларини эшитаётган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуга кирдилар. Тун яримлаб қолганда, у Зот туриб таҳорат олдилар. Сўнг намозга киришдилар. Мен ҳам дарҳол ўрнимдан туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган сув билан таҳорат олиб, иштонимни яхшилаб боғладим-да, у Зотнинг чап томонларига туриб, иқтидо қилдим. У киши оҳисталик билан, қулоғимдан ушлаб, мени ўнг томонларига ўтказдилар. Сўнг беш ёки етти раъкат Витр намозини ўқидилар. Намознинг фақатгина охирги раъкатида салом бердилар». Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида юриши шунчаки вақт ўтқазиш учун эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бажарган амаллари ва дин ҳукмларини ўрганиш учун эди. Чунки Абдуллоҳ ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи амалларини бизга ривоят қилиб қолдирганларки, у хабарни фақатгина ёш Абдуллоҳдек ярим кечаси ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қиладиган амалларини кузата олиш каби имкониятга эга бўлган кишигина ривоят қила олади.
323 views꧁༒☬ℜ؏αᏞ_ᏦιηG☬༒꧂, 15:01