Get Mystery Box with random crypto!

#uchrasin Уйланмаган йигитга Умринг йўли ҳали теп–текис, рав | Qalb taskini...

#uchrasin

Уйланмаган йигитга

Умринг йўли ҳали теп–текис, равон,
Тордир ўйларингга коинот, осмон,
Онаси ўпмаган қизлар бор, инон,
Умринг йўли ҳали теп–текис, равон,
Укажон, сен бир дилдор учрасин,
Масиҳо нафасли нигор учрасин!

Меҳрибон бўлсин у, бўлсин суюкли,
Дарди ҳижронингдан бағри куюкли,
Манглайида “Вафо” сўзи битикли,
Меҳрибон бўлсин у, бўлсин суюкли,
Соғинчдан интизор дийдор учрасин,
Укажон, сенга бир дилдор учрасин!

Озроқ инжиқлигин кўнглингга олма,
Рашк этса, бу тўрга ўралиб қолма,
Билгил, сени севгай ул бўйни толма!
Озроқ инжиқлигин кўнглингга олма,
Майлига, бир ширин озор учрасин!
Укажон, сенга бир дилдор учрасин!

Сенга зўр ўғиллар айласин инъом,
Мўътабар наслингни этдирсин давом,
Мангу, мангу қолсин “Ўзбек” деган ном!
Сенга зўр ўғиллар айласин инъом!
Оламни тўлдирган гулёр учрасин!
Укажон, сенга бир дилдор учрасин!

Ёнингда ёр бўлиб юрганда ҳамдам,
Хиромонлар айлаб, солланиб, тамтам,
Бошинг осмонларга етади кам–кам....
Ёнингда ёр бўлиб юрганда ҳамдам!
Шундоқ ёр умрингда бир бор учрасин!
Укажон, сенга бир дилдор учрасин!

                                              Муҳаммад Али