Get Mystery Box with random crypto!

КИШИ СЕВГАНИ БИЛАН БИРГА БЎЛАДИ! Расулуллоҳ саллоллоҳу алай | QALBDA QUR'ON

КИШИ СЕВГАНИ БИЛАН БИРГА БЎЛАДИ!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиқдилар. Улар бир жойда дам олиб ўтиришганда бир аъробий келиб баланд овозда деди:
-Эй Муҳаммад!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам:
-Мен буёқдаман, кел!-дедилар.
Саҳобалар аъробийга:
-Ҳолингга вой бўлсин! Овозингни пасайтир. Сен пайғамбарнинг олдидасан. Биз у кишига овозимизни кўтаришдан қайтарилганмиз!-дейишди.
Аъробий:
-Аллоҳга қасамки, овозимни пасайтирмайман!-деди.
Сўнгра Набий алайҳис саломдан сўради:
-Киши бир қавмни яхши кўради. Аммо уларга ета олмайди?!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Киши қиёмат кунида яхши кўргани билан бирга бўлади!
Саҳобалар бу гапдан ниҳоятда шодланишди. Ҳеч қачон бунақанги хурсанд бўлишмаган эди!

Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг одобларига, кишиларнинг одатлари ва табиатларини нечоғлик ҳисобга олишларига қаранг!
Саҳро аъробийни қўпол ва дағал қилиб қўйган. У ер юзидаги яшаш энг қийин бўлган жуғрофий шароитда яшаш учун курашавериб шунақа қўпол табиатга эга бўлиб қолган. Майдоннинг кенглиги, масофанинг узоқлиги сабабли туялар ва қўйларга бақиравериб баланд гапиришга ўрганиб қолган. Шунинг учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг табиатини, одатини билганлари учун унинг камчилигидан кўз юмаяптилар. Бу ерда ҳеч қандай шахсий масала ёки ҳурматсизлик йўқ. Аъробий пайғамбарлик лақабини айтмасдан “Эй Муҳаммад” деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен буёқдаман, кел!”, ёки “Марҳамат гапир, мен сени эшитаман!”, дедилар!
Бу воқеа номуносиб ҳар қандай ҳаракатга шахсий масала деб қарамасликда биз учун буюк дарс бўлади!
Сиз ўрганган нарсани ҳамма ҳам ўрганавермайди. Ҳамманинг ҳам сиз каби тарбияси йўқ. Сиздаги табиат уларда йўқ!
Баъзи инсонлар энг мураккаб фикрий масалаларни ҳам осонлик ва худди мусҳаф ўқигандек вазминлик билан ҳал қилишади!
Баъзилар эса ҳатто футболда ҳам шунақа бақириб жанжал қилишадики, гўё рақибини ҳозир ўлдиради деб ўйлайсиз!
Инсонлар табиатини, уларнинг шароитини, ҳаётдаги ҳолатини, илм даражасини англашга уриниш ҳаётда бизга кўп асқотади!
Кишининг қиёмат кунида севгани билан бирга бўлишини эшитган саҳобалар ўша кунда хурсанд бўлган бўлишса, биз улардан ҳам кўпроқ хурсанд бўлишимиз керак бўлади. Бизнинг насибамиз нақадар гўзал! Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни севамиз, аҳли байтларини севамиз, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Холид, Абу Убайда розиёллоҳу анҳуларни, Аллоҳ Ўз Набийси саллоллоҳу алайҳи ва салламга ёрдам беришлари учун танлаган буюкларимизни севамиз!
Қиёмат кунида у билан бўлиш сизни хурсанд қилмас экан, уни қалбингиздан чиқаринг. Зеро муҳаббат ҳам ибодатдир!

БИЗГА ҚЎШИЛИНГ