Get Mystery Box with random crypto!

#шеърият ВАТАН Таърифингни қилиб бўлган мендан аввал, Мен у | ❤QALB QUVONCHIM ❤| AYOLLAR PSIXOLOGIYA KLUBI

#шеърият

ВАТАН

Таърифингни қилиб бўлган мендан аввал,
Мен улардан ўтиб не ҳам дейман Ватан,
Жоним фидо сендай юртга, умрим фидо,
Сени онам, гул диёрим дейман Ватан,
Не буюрсанг хизматингга шайман Ватан.

Дунё кезиб мен дунёлар топганим йўқ,
Дунё излаб ўзга юртга чопганим йўқ,
Мен тирикман ҳали тошлар қотганим йўқ,
Сени номус ,сени орим дейман Ватан,
Не буюрсанг хизматингга шайман Ватан.

Остонангни қўриқлайин аскар бўлиб,
Ҳимоянгга тайёр турай наштар бўлиб,
Сен қалбимда яшагайсан гавҳар бўлиб,
Сени фахрим ,ифтиҳорим дейман Ватан,
Не буюрсанг хизматингга шайман Ватан.

Қадринг билмас мунофиқлар кўр бўлади,
Юртфуришлар пешонаси шўр бўлади,
Тупроғингни кўзга сурган зўр бўлади,
Тупроғи зар, чаманзорим дейман Ватан,
Не буюрсанг хизматингга шайман Ватан.

Сенда буюк соҳибқрон излари бор,
Тўмариснинг чақнаб турган кўзлари бор,
Широқларнинг айтолмаган сўзлари бор,
Сен омадим ,кўз- туморим дейман Ватан,
Не буюрсанг хизматингга шайман Ватан.

Мен карвонман, сен йўлбошчи сарбондурсан,
Қадим Қанғу,қадим Мулки-Турондурсан,
Сен Макка-ю, Мадинамсан ,қуръондурсан,
Сен нажотим, паноҳдорим дейман Ватан,
Не буюрсанг хизматингга шайман Ватан!

Хуршид Карим

@qalb_quvonchim
@psixolog_qalbdosh