Get Mystery Box with random crypto!

Учинчи марта нафл ҳаж (биринчи фарз ҳаж адо этилгандан кейинги | Pozitiff Repablik

Учинчи марта нафл ҳаж (биринчи фарз ҳаж адо этилгандан кейинги ҳажлар фарз эмас) қилишни мақсад қилиб, фарзи кифояга бефарқ бўлган кишидан: Ҳаж қилишингиз учун қанча маблағ кетади? Минг жунайҳ кетадими?” деб сўрадим.

У киши: “Ҳа, ундан ҳам кўпроқ кетиши мумкин”, деб жавоб берди.

Мен унга: Сизни бундан ҳам афзалроқ ишга далолат қилайми? Фалончи яқинда доришунослик (фармацевтика) билим юртини тамомлади. Лекин оиласи моддий жиҳатдан қийналган. Шу билан бирга жамият инсофли, ҳалол дорушуносга муҳтож. Қўлингиздаги мана шу маблағни шу битирувчига берсангиз, ҳам ўз ҳаётини яхшиларди, ҳам жамиятга фойдаси тегарди. Сиз учун эса қиладиган нафл ҳажингиздан кўра савоби улуғроқ бўларди, дедим.

Суҳбатдошим менга қараб: Шу гапни сиз гапиряпсизми?! деди ҳайрат билан.

Мен унга: “Агар шу айтганимга амал қилсангиз мақсад қилган нафл ҳажингиз ўрнига фарзни амалга оширган, жамиятнинг бир кемтигини ёпган бўласиз”, дедим.
У эса ҳамон ҳайратини яширолмай: Ҳаждан воз кечиб, дорихона очишга ёрдам бериш...! Бу қанақаси”, деб фикримни ўзига сингдира олмади.

Мусулмонларнинг кўп қисми ўз жамиятларидаги фожеа ва муаммоларнинг кўламини, бугуни ва эртасига таҳдид солиб турган қолоқликнинг даражасини англаб етмайдилар. Шунинг учун динга кўр-кўрона, илмсиз амал қилиб келмоқдалар.

Бошқа бир жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, фуқаҳолар айтишадики “Аллоҳ таоло фарз адо қилинмагунча нафлларни қабул қилмайди. Адо этиш жиҳатидан фарзу айн ва фарзу кифоя баробар.
Бири иккинчисидан кам эмас”.


Шунинг учун мен айтаманки, нафл ибодатлар кишини вожибдан тўсиб қўйса, яъни, нафлни бажариш натижасида вожиб қолиб кетса, унда нафлнинг ўрни йўқ.

Масалан, нафл рўза тутиш ўқитувчини дарсда тўлиқ куч билан, рисоладагидек ишлашига ҳалал берса, унга нафл рўза тутиш лозим бўлмайди.

Ҳудди шу каби бирор бир нафл амал табибнинг беморларни кўнгилдагидек муолажа этишдан ожиз қилса, ёки амалиётидаги (операциядаги) камчиликларга сабаб бўлса, ана шу нафл амални бажармаслиги лозим.

Зеро, Аллоҳ таоло жиҳодга ҳаракат қилаётган кўплаб мусулмонларнинг зиммасидан кечаларни қоим қилиш, ёки туни билан Қуръон ўқиш каби амалларни соқит қилди.

Муззамил сурасида айтадики: “Аллоҳ кеча-ю, кундузни Ўзи ўлчайди. У сизлар чидай олмаслигингизни билиб, сизларга енгилликни қайтарди. Бас, энди Қуръондан муяссар бўлганингизча ўқинглар. Келажакда сизлардан касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳ йўлида фазлини (ризқини) ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жиҳод қилишларини билди. Шундай экан ундан (Қуръондан) муяссар бўлганча қироат қилинг”.

Яна бир далил келтирамиз. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга нафл рўза тутмаслик тавсия қилинган эди. Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан одамлар Қуръон ўрганишарди. У киши рўзадор бўлсалар Қуръон тиловати ва таълимида ҳафсаласизликка йўл қўйишлари мумкин эди.

Хулоса шуки, фарзу айн ва фарзу кифоя ибодатлар шахсни тарбиялаш ёки жамиятнинг юксалиши учун восита бўлиб, ақлли мусулмон қайси амал ўзи учун зарурий, жамиятга фойдали эканини англаши ва ўша амалга киришиши лозим. Икки солиҳ амал баробар келганда вожиброғини, яъни манфаатлироғини танлаши керак.

Демак, бой кишига энг аввало муҳтожларга ёрдам бериши, инфоқ-эҳсон қилиши вожиб бўлади. Агар бой кишининг инфоқ-эҳсон қилишига ҳалал берса, тунларни қоим қилиб, кундузлари нафл рўза тутиши мумкин бўлмайди.

Фақиҳ олим киши эса энг аввало насиҳат, умумий ва хос таълим билан машғул бўлмоғи даркор. Эътикоф ўтириш, амру маъруф, наҳий мункар қилмай сукут сақлаб туриш фақиҳ олим учун нотўғри ҳисобланади. Аксинча, жамиятга аралашиб, ундаги муаммолардан, фитна ўринларидан халқни огоҳлантириши лозим бўлади.

Шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг
“Исломий ҳаёт йўлидаги муаммолар” китобидан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил таржимаси
.

@MubashshirAhmad