Get Mystery Box with random crypto!

#фойдали Юқори маош олишни истаган юристлар қандай талабларг | Профессионал юрист

#фойдали

Юқори маош олишни истаган юристлар қандай талабларга мос бўлиши керак?

Ҳозирда ривожланган компаниялар энг ва энг яхши юристларни ёллашга ҳаракат қилмоқда. Хўш, яхши маош олиш учун юристлар қайси талабларга жавоб бериши керак? Ҳозир шу масалада юристда бўлиши керак бўлган 10 та энг муҳим жиҳатларга тўхталамиз.

1. Ҳуқуқшуносликнинг энг асосий талаби, шубҳасиз, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни яхши билишдир. Кўпгина ҳуқуқий масалалар турлича ҳуқуқий соҳага доир нормалар билан тартибга солинади. Бу демакки, юристдан кўплаб соҳаларга оид нормаларни зарур даражада билишни талаб қилади. Бундан ташқари, "тизим қандай ишлаши"ни билиш, яъни хусусий компаниялар ва давлат идораларида ҳужжат айланиши, иш юритиш ва қарорлар қабул қилиш тартибларини билиш ҳам муҳимдир. Ушбу биринчи талабни биз умумий қоидалардан ва ички қоидалардан яхши ҳабардор бўлиш деб айтсак ҳам бўлади.

2. Муайян ҳуқуқ соҳасидаги чуқур билим. Бу жиҳат юристнинг ўзига хос ташриф қоғози бўлиши ҳам мумкин. Ўзи, ҳуқуқшуносликнинг маълум бир йўналишининг етук мутахассислари доимо қадрланади. Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳаси, кўчмас мулк, банк, молия ва солиқ ҳуқуқи, корпоратив низолар ва молиявий санкцияларга оид қонун ҳужжатлари билан ишлаш малакаси юқори юристларга талаб юқори бўлади.

3. Мураккаб муаммоларни ҳал қилиш салоҳияти. Кундалик вазифаларни, шу жумладан, жорий ҳуқуқий вазифаларни ҳал қилиш тобора кўпроқ автоматлаштирилган тизимларга юкланмоқда. Фақатгина инсоният тафаккур эта оладиган омиллар – танқидий фикрлаш, кўплаб кўз илғамас омилларни кўра билиш ва қийин вазиятларда энг мақбул қарорлар қабул қилиш ҳамда шу орқали компанияни оғир вазиятдан олиб чиқа олиш қобилияти доим қадрланади. Бундай юристлар, энг қимматбаҳо юристлардир.

4. Катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлаш. Юрист махсус тилда ёзилган катта ҳажмдаги мураккаб маълумотлар билан шуғулланади. Шунинг учун зарур маълумотни излаш, текшириш ва уларни тўғри таҳлил қилиш кўникмалари алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, қонун ҳужжатларида саволга жавоб топилмаган баъзи ҳолларда судлар ва давлат органларининг позицияларини таҳлил қилиш орқали вазиятни тўғри баҳолаш ва унга олдиндан тайёр туришни бунга мисол қилиш мумкин.

5. Чет тилини яхши билиш (биринчи навбатда, инглиз тили ва рус тили) рақобатдош устунлик ва муносиб иш ҳақининг муҳим шартидир.

6. Нотиқлик санъати ва омма олдида нутқ сўзлаш маҳорати. Судда нутқ сўзлашдан ташқари, замонавий юрист турли тадбирлар, конференциялар, саммитлар ва ҳоказоларда сўзлайди. Бундай чиқишлар юристдан кўпроқ эмоционалликни талаб қилади, нотиқ исталган аудиторияга мослаша олиши ва уларга маъқул келиши, шу билан бирга сифатли тақдимот билан иштирок эта олиши лозим.

7. Мулоқот кўникмалари, жамоада ишлаш қобилияти. Умумий натижага эришиш учун бошқаларнинг фикрларини эшитиш ва уларни қабул қилиш, зарур бўлганда қарама-қарши томон билан келишиш қобилиятига ҳам эга бўлиши керак. Қайсарлик билан фақат ўзининг фикрини устун қўявериш ҳам баъзида кутилган натижани бермаслиги мумкин.

8. Вақтни бошқариш. Муайян вазифалар ва лойиҳаларни тегишли вақт оралиғида самарали амалга ошириш: ишларни режалаштириш, устувор вазифаларни ажрата олиш, уларни тўғри тақсимлаш ва белгиланган муддатларда ижро қилиш қобилияти ҳам жуда муҳим, юрист учун.

9. Музокаралар олиб бориш қобилияти ҳар қандай муваффақиятли юристнинг классик маҳоратидир.

10. Ахборот технологияларидан фойдаланишда зарур кўникмаларга эга бўлиш. Юрист электрон иш юритиш, турли дастурий таъинотлар (офис иловалари, онлайн конференциялар учун платформалар ва бошқалар) билан ишлаш, маҳаллий ва хорижий юридик маълумот тизимлари билан ишлашни ҳам албатта билиши шарт.

Манба

Бўлажак юрист дўстларингизга "улашиш"ни унутманг.

@professional_yurist'дан фойдали контент. Обуна бўлинг.