Get Mystery Box with random crypto!

56 балл ҳам йиға олмаган абитуриентлар масаласи кенг муҳокама | © PROFCHEMISTRY | PROFESSIONAL KIMYO

56 балл ҳам йиға олмаган абитуриентлар масаласи кенг муҳокама қилиняпти. Шахсан мен бу ҳолатни тест тизими, анъанавий таълим, умуман, бизнинг мактаб таълими ҳақидаги тасаввурларимиз сабабидан деб биламан.

Энг аввало, биз мактаб таълимининг натижалари ҳақидаги тасаввурларимизни тузатиб олишимиз керак. Бугун бу натижа ўқувчининг олий ўқув юртига кириши билан ўлчанади. Нотўғри! Мактаб олий таълим учун эмас, катта ҳаёт учун ўқитиши керак!

Мазкур янглиш тасаввур сабаб биз ўқувчига таълим бериш ўрнига мутахассисликни ўргатяпмиз. Она тилида ўз тилидан самарали фойдаланишни эмас, тилшунослик назариясини ёд олдирамиз. Тарихни ўқитиб миллий ғурурни шакллантириш, тарихий контекстда фикрлашни ўргатиш ўрнига, тарихшуносликни ўргатамиз. Қаранг, дарсликлар «Тарих фанининг мақсади», «Тарих фанинг манбалари» каби мавзулар билан бошланади... Ва фақат воқеалар, шахслар, йиллар ҳақида ёд олдирамиз... Сабаби ўқишга кириш тестлари шулар асосида тузилади. Бу тестлар ўқувчининг қобилиятини, фикрлаш даражасини, малака ва кўникмаларини эмас, балки асосан хотирасини баҳолайди. Хотира туғма суст бўлсаю, минг тафаккурли бўлинг ўқишга кира олмайсиз...

Хўш, энди ўзингизга савол бериб кўрингчи, мактабда ўқитиладиган юқоридаги каби маълумотларни билим сифатида эгаллаш нега керак? Фақат бу саволга шу замон талаби билан жавоб беришга уриниб кўринг, чунки 30 йил олдин ҳам google йўқ эди! Олам ҳақида бунча кўп энциклопедик билимларни эгаллашга унчалик катта эҳтиёж йўқ ҳозир. Лекин биз бор кучимизни, вақт ва пулимизни шунга сарфлаймиз. Умуман олганда, вазир Жамшид Қўчқоров фанларни қисқартириш керак деганда тўла ҳақ эди.

21 асрда билим (бу ўринда энциклопедик маълумотлар)дан кўра кўникма муҳим бўлиб қоляпти. Яъни керакли маълумотни топиш, ўрганиш, таққослаш, таҳлил қилиш ва ҳаётда қўллай олиш кўникмаси муҳимроқ. Биз ўқувчи миясини кераксиз маълумот билан мажбуран тўлдириш ўрнига унда муҳим кўникмаларни шакллантириш ҳақида қайғуришимиз керак. Бунда энг аввало, таълим тизимини эмас, умуман, омманинг таълим ҳақидаги тасаввурларини ўзгартириш керак (Бундай дейишимга сабаб бор. Янги 2-синф она тили дарслигида қоидалардан кўра кўпроқ тилдан самарали фойдаланишни ўргатишга доир топшириқлар берилган. Буни кўриб ўқитувчи ва ота-оналар болаларга ҳеч нарса ўргатмаяпмиз дея эътироз билдиришган. Уларнинг тасаввурида она тили фани бу тилшуносликдир).

Албатта, ҳозирда таълимда бўлаётган ислоҳотлар ана шу муаммони англаган ҳолда олиб бориляпти. Миллий ўқув дастури ўқувчида ҳаётий кўникмаларни шакллантиришни бош мақсад қилиб олган. Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази жамоаси Shukhrat Sattorov бошчилигида яратилаётган янги методика, янги дарсликларнинг мақсади анъанавийсидан кескин фарқ қилади. Насиб қилса, 4-5 йилдан кейин абитуриентлар олий ўқув юртига хотиранинг кучига таяниб эмас, баки фикрга, закога таяниб кирадилар.

Facebookdan olindi!
Muallif: Sa'dulla Quronov

Sizning fikringiz qanaqa, azizlar?

@profchem_uz