Get Mystery Box with random crypto!

ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМ! ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛ АЗИЗ, ИНСОН АЗИЗ! Мамла | YANGIARIQ TUMAN HOKIMLIGI | RASMIY

ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМ!
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛ АЗИЗ, ИНСОН АЗИЗ!


Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги арафасида  “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида байрам, маданий, маърифий ҳамда хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Янгиариқ тумани ҳокимлиги ва ташаббускор ҳомийлар кўмагида тумандаги эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг 11 нафар фарзандига ўтказилган суннат тўйи ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
Байрам туҳфаси сифатида ўтказилган тўй тантанаси очилишида иштирок этган туман ҳокими А. Давлетов  томонидан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Тўй тантанасида тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Болажонларнинг суннат тўйлари тўкин дастурхон, ўзига хос, миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги тўй болалар, уларнинг ота-оналари қалбига қувонч ҳадя этди, табрик ва қутловлардан барча беҳад мамнун бўлди.
Тўй болаларнинг ҳар бирига велосипед, турли ўйинчоқлар ҳамда сарполар совға қилинди.
Суннат тўйида туман маданият бўлими санъаткорларининг чиқишлари барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.

Янгиариқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати