Get Mystery Box with random crypto!

Иккинчи мақола Биз хорижлик меҳмонни нафақат боқамиз, балки ун | platforma.uz

Иккинчи мақола
Биз хорижлик меҳмонни нафақат боқамиз, балки унга "тансоқчи"лар ҳам бириктирамиз

Ўрни келганда юқоридаги мавзуни мулоҳаза учун давом эттириб қўймоқчиман.

Мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро анжуманларда хорижий меҳмонларга ҳамроҳлик қилиш учун вазирлик ва идоралар, ташкилотлар (банклар)нинг раҳбарлари, ўринбосарлари ва бошқа вакилларни бириктириш анъанаси бор. Келадиган меҳмон даражасига қараб биздан даража белгиланади.

Бу "тажриба"дан улар ҳам ҳайратда қолса керак, чунки бизникилар четга чиқса, уларга ортиқча мулозамат кўрсатилмайди. Улар ҳам таклиф қилганда кўпинча бетини қаттиқ қилиб, йўлкира ўзингиздан ёки яшаш харажатлари ўзингиздан деб ёзадику. Баъзан шундай қилармиз. Ҳар ҳолда бир тарафини кўтарсин.

Имиж учун яхши, дерсиз. Лекин ниманинг ҳисобидан? Масала шунда.

Яна бир мисол, АОКА деган тузилма матбуот котибларини ташкилотининг машинаси билан бирга сафарбар қилади. Матбуот котиблари "меҳмон атои Худо" деб меҳмони келиб-кетгунича атрофида гирди-капалак бўлади. Унга кўнгли тусаганини муҳайё қилиб беради.

Бугун афсуски, матбуот котиби деганда тадбирларда меҳмон билан ўзини кўз-кўз қиладиган, чинакам вазифасидан кўра, тадбирма-тадбир юрадиган авлод шаклланди. Очиқлик, шаффофликни устувор деб биладиган, раҳбарини матбуотга олиб чиқадиган мос кадрлар сийраклашиб кетди.

Чет эллик меҳмонжон ҳеч бўлмаса бирор совға сотиб олар, шуям харна валюта тушуми бўлади десангиз, қурғур униям олдиргани қўймаймизда. Уят бўлади деб, ўз ёнимиздан олиб берамиз.

Самолёти, меҳмонхонаси бир ён, бу ерда юриши бир ён бўлади. Муҳими, шу ердан мамнун бўлиб кетсин. Бўлди, бошқа нарса керакмас...

Лекин биз 33 йиллик мустақиллик йўлини босиб қўйган давлатмиз. Дунёда ўзимизга яраша ўрнимиз, обрўйимиз бор. Бу даражада куч, маблағ сарфлаб ўзимизни танитишга ҳожат йўқ назаримда. Майли, энг нуфузли меҳмонларга шароит қилиб берайлик. Лекин қолганига меъёр бўлиши керак назаримда.

@platformauzb