Get Mystery Box with random crypto!

​​Саҳна майнавозчилик қиладиган жой эмас... Мен санъатшунос ё | platforma.uz

​​Саҳна майнавозчилик қиладиган жой эмас...

Мен санъатшунос ёки шунга яқинроқ мутахассис эмасман. Лекин оддий томошабин сифатида санъатимиздаги савия тушиб кетаётганини кўриб, ачинаман.

Бир вақтлар санъаткорни кўриш, у билан учрашиш мухлислар учун орзу эди. Бу нарса ижодкорнинг мавқеини ҳам, обрўсини ҳам ушлаб турарди. Ҳозир, кечирасизу, керак бўлса санъаткорларимизнинг ётоқхонасиниям кўради одамлар. Нима ейди, нима кияди, қаерда душ қабул қилади... ҳаммасини билади. Аслида бу санъаткорнинг обрўсига путур етказади. Унга бўлган қизиқишга салбий таъсир қилади. Оддийроқ айтганда, мухлис санъаткордан тўйиб қолади.

Қолаверса, ҳақиқий санъаткор турли қилиқлар билан кузатувчиларини кўпайтириш ҳақида эмас, балки ижоди билан иқтидорини кўрсатиши керак. Ҳозир ундай эмас. Муҳит ўзгариб кетди. Мақсад, қандай қилиб бўлса ҳам тўйга чиқишга эришиш ва пул топиш бўлиб қолди.

Боз устига катта саҳнага истаган одам чиқиб, истаган майнавозчилигини қиляпти. Яқинда биттаси концертига “1000 сўм беринг, акахонлар” деган болани олиб чиқди. Бу болани кейин инстаграмдаям кўрдим. Ҳали у жойга, ҳали бу тадбирга олиб бориб юришибди. Қолмишига пишириқчилар, овқат тайёрлаб сотадиганлар ҳам унга маҳсулотини жўнатиб, реклама қиляпти. Бир гўдакнинг ҳаёти ўзгариб, қорни тўйганига эътирозим йўқ. Лекин савиямиз шу даражага тушиб қолгани жуда алам қиляпти. Аҳволимиз шуми энди. Қаёққа қараб кетяпмиз ўзи?

Албатта, бундай пайтда дарров вазирлик қаёққа қараяпти деган савол ҳам ўртага чиқади. Лекин шу соҳада нон еб юрган ижодкорларнинг айтишича, эркин ижод, эркинлик муҳитини яратамиз деб Маданият вазирлигининг назорат функцияси ҳам ҳуқуқий жиҳатдан олиб қўйилган экан. Яъни ҳозир саҳнада қўйиладиган репертуарга вазирлик аралашолмайди. Буниси бўлади, буниси бўлмайди деёлмайди. "Ўзбекконцерт"да ҳам шундай. Лекин бу нотўғри. Кимдир назорат қилмаса, бу кетишда эртага саҳнага эшакниям, молниям етаклаб чиқишлари аниқ.

Четдан келиб концерт қўядиганларга ҳам вазирлик аралашолмас экан. Бунда хусусий тадбиркорларга йўл очиб берилган. Кечирасизу, шаҳар бедарвоза эмаску. Маданиятимиз хоҳлаган одам келиб, булғаб чиқиб кетадиган жой эмаску. Тадбиркорни пул қизиқтиради. Сарфлаганини ошиғи билан чиқариб олса бўлди, бошқаси бир тийин. Саҳнада нима дейилади, қандай репертуар танланган, қизиғи йўқ унга. Аммо бу тўғри эмас. Назорат барибир бўлиши керак.

Бу масалани жиддий ўйлаб кўриш лозим. Керак бўлса вазирлик дастурларни кўриб, тасдиқласин. Назорат қилсин. Бу йўналишда асосий сиёсатни у юритадику ахир. Балки бошқа соҳада назорат деган сўз хунук эшитилар, демократия талабларига тўғри келмас. Аммо маданиятда, маънавиятда барибир чегаралар белгиланиши шарт, менталитет нуқтаи назаридан ҳам. Фикримча, ҳозирги бетартиб муҳитни шу йўл билан тартибга келтириш мумкин. Шундай ўйлайман мен...

Бизни кузатишда давом этинг
@platformauzb
Батафсил: https://t.me/+UaAfANSlNTEwYmQy