Get Mystery Box with random crypto!

​​Ҳокимлар мангу муаммолардан ўз халқини қутқариши ҳақида ўйла | platforma.uz

​​Ҳокимлар мангу муаммолардан ўз халқини қутқариши ҳақида ўйлаши керак

Бир нарсани тушунмаяпман-да. Фарғона ҳокими “озсанг, унча пул бераман”, Андижон ҳокими “пиёда юрсанг, бунча соққа бераман, Дубайга жўнатаман”, деган мурожаат билан чиқди. Бу нима, гипнозми, иллюзиями ёки аслият?

Ўзимни худди ҳалиги "Алиса мўъжизалар мамлакатида"ги сюжетлар ичига кириб қолгандек тасаввур қиляпман... Озсанг, пиёда юрсанг (булар ҳаммаси аслида ўзинг учун фойдали), пул берса. Ҳоким сенинг соғлигинг ҳақида қайғурса...

Очиғи, хўрлигинг келиб йиғлавораркансан. Ҳатто, менга чойнинг ўзи кифоя, қандни эса болаларга беринг, деган доҳий ҳам бундай жўмардлик олдида мулзамдай...

Майли, қочиримни қўйиб, жиддий гурунгдан олайлик. Аслида шу ҳолат сизга нимани англатади? Мен ижобий маънода ўйладимки, юрсанг, соғлом бўласан, озсанг, ҳаракатинг енгил бўлади, умринг узаяди, дори, касалхона, демайсан ва ҳоказо.

Бу — нормал мақсад. Бироқ тарғибот усулининг танланиши нотўғри. Ҳоким бир вилоятнинг эгаси. Агар ўша ерда уч миллион аҳоли яшаса, иссиқ-совуғига у жавобгар.

Бундан ташқари, давлат сиёсатига дахлдор қанча лойиҳалар, ишлар бор. Шундай бир паллада ҳокимлар бундай майда ишлар билан шуғулланиб ўтириши, ОАВга чиқиб баёнот бериши қайси мантиққа тўғри келади?

Аслида ҳокимнинг иши Малайзиягами, Германиягами бориб бирор миллиардернинг пинжига кириб, ийдириб, ҳудудига инвестиция олиб келиш, иш ўринлари яратиш, Ўрусияда дирдираб юрган болалару аёлларни Ватанга қайтариб, ишли қилиш, свет-газ деган мангу муаммолардан ўз халқини қутқариш ҳақида ўйлаш бўлиши керакмасми?

Бу акалар эса худди араб шаҳзодаларидай одамларнинг индивидуал ҳаракатларига дов тикиб, бундан мутаассир бўлишга шайланиб ўтирибди.

Қолаверса, ўзи нега бизда ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган бўлиб бораётир? Нега бу ишнинг бошига мулозимлар чиқиб олди? Нима учун улар ҳамма нарса пул билан ўлчанади, пулсиз ҳеч нарса ҳал бўлмайди, деган бизда азалдан яшаб келаётган фалсафани ўзлари шакллантиришга, унга расмий мақом беришга уринишмоқда?

@platformauzb