Get Mystery Box with random crypto!

​​Автобуслар ҳаракати, ҳайдовчилар фаолияти...қачон тартиб ўрн | platforma.uz

​​Автобуслар ҳаракати, ҳайдовчилар фаолияти...қачон тартиб ўрнатилади?!

Пойтахтда охирги кунларда автобуслар иштирокида рўй берган йўл транспорт ҳодисалари шу мавзуда айрим мулоҳазаларни ёзишга ундади.

...Тошкентда жамоат транспортлари фаолиятига нисбатан бўладиган эътирозларнинг энг катта қисми автобус ҳайдовчиларининг ўз ишига ўта масъулиятсиз, совуққон муносабати боғлиқ, десам кўпчилик фикримга қўшилса керак.

Автобусни бетартиб бошқариш, бир-бири билан пойга ўйнаб, йўловчилар ҳаётини хавф остига қўйиш, рулда бемалол телефонда гаплашиш, фильм ё бирор дастур кўриш, сигарета чекиш, бекатларда белгиланганидан ортиқча туриб, одамларнинг вақтини ўғирлаш, асабини бузиш, муомала маданиятини билмаслик, тап тортмай сўкинишлар - эҳҳе, минуслар шу даражада кўпки, йиллар давомида пойтахт юзига доғ бўлиб келаётган бундай ҳолатларга кимдир нуқта қўя олармикан, деб савол берасану, ҳеч жавоб тополмайсан.

Кечирасизу, ҳатто ҳайдовчию кондукторларимизнинг кийиниши талабга жавоб бермайди. Юниформа йўқлиги етмаганидек, айримлари борини ҳам тоза қилиб киймайди, жамоат ичида озода либосда бўлишим керак, деган тушунчага эга эмас. Қисқаси, тартиб йўқ, тизим йўқ.

Хорижда бўлганлар уларда қандайлигини яхши билади. Солиштирсак, тўғриси, одам уялиб кетади. Биз эса оғзимизни тўлдириб Тошкентни мегаполис дея мақтаймиз. Мегаполис фақат баланд ёки чиройли бинолардан иборат эмас, албатта. Ана шундай номга лойиқ бўлиш учун жамоат транспорти ҳам рисоладагидек бўлиши керак. Четдан келадиган меҳмон ҳам шу орқали кўп нарсани тасаввур қилади. Хулоса чиқаради.

Тўғри, “Тошшаҳартрансхизмат” мутасаддилари ҳайдовчилар билан боғлиқ бирор эътирозли вазият туғилса, муҳокама қилар, ўша ҳайдовчига ҳайфсан берар ёки уни ишдан бўшатар. Аммо бундай ҳолат яна такрорланаверади, эътирозлар туғилаверади. Демак, аниқ бир тизим яратиш вақти келди. Масалан, ҳайдовчи ва кондукторларни ишга олишда ўта қатъий талаб ўрнатиш, ишлаётганларини тўлиқ “элакдан ўтказиш”, жавобгарликни кучайтириш зарур.

Умуман, бу борада янги тартибни йўлга қўйиш учун керак бўлса энг юқори даражада муҳокама қилиш лозим. Чунки гап нафақат шаҳарнинг имижи, балки инсонлар хавфсизлиги, ҳаёти билан ҳам боғлиқ.

@platformauzb